Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 9 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

БАҒДОДДА ДЕПУТАТЛАР ТАЪМИРЛАНАЁТГАН ЙЎЛ МАСАЛАСИДА ИҚТИСОДИЙ СУДГА СЎРОВНОМА ЮБОРДИ

×

 2020-08-30 18:05:48    1094

PDF yuklash
Chop etish


Яқин орада юрган бўлсангиз, Бағдод тумани марказидан ўтувчи йўлнинг маълум қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган эди. Лекин, нима бўлди-ю, бу ишлар ярмига етиб-етмасдан таққа-тақ тўхтади-қолди. Биров айтди: йўл бўлими ишчиларига ойлик беролмай қопти, деб. Бошқаси айтди: битум етказиб берилмаяпти экан, деб... Хўш, таъмирлаш ишларининг тўхтаб қолишига аслида нима сабаб бўлган эди? Туман кенгаши депутатлари ана шу масалани манзилли тартибда ўргандилар.

Расмий ҳужжатларда “4Р148А – “Фурқат” станциясига кириш йўли” сифатида ном олган ушбу йўлнинг 5- ва 6-километрлари оралиғида, 600 метр масофада жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 4 апрель кунги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йилда қўшимча ижтимоий ва инфратузилма объектларини шакллантириш ва амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнига асосан йўлнинг айни қисмини таъмирлаш учун 2 млрд. сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағнинг маълум қисми туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисоб-рақамига келиб тушиши биланоқ, кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. Лекин кўп ўтмай, пулнинг бошқа “эга”лари чиқди: Мажбурий ижро бюроси катта миқдордаги ташқи қарзларни қоплаш мажбуриятини юклаб, корхона ҳисоб-рақамига тақиқ қўйди ва пуллар ҳақдор субъектларга ундириб берила бошланди.


- Албатта, бюронинг қонуний талабига ҳеч қандай эътирозимиз йўқ, - дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Йигитали Тиллаев. – Лекин корхонанинг қарздорлиги узоқ йиллар давомида, бундан 6-7 йил аввал бошқарувдаги сусткашликлар оқибатида йиғилиб қолган. Нега энди эски пайтдаги қарздорлик учун бугун биз балогардон бўлишимиз керак?! Тўғри, истаймизми-йўқми, ўша қарз – бизники! Вақти-вақти билан бу қарзни қайтаряпмиз. Шу кунгача 5 млрд. сўм миқдоридаги қарздорликнинг 2,6 млрд. сўмлик қисмини қайтардик, қараб ўтирганимиз йўқ! Лекин манави ишимиз учун берилган пулни тўлиғича ҳақдорларга ундириб бериш қанчалик адолатдан – билмадим...

Раҳбарнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар 900 млн. сўмлик иш бажарилди ва яна 1 млрд. 100 млн. сўм ҳажмда иш бор бу йўлда. Бундан ташқари, пиёдалар йўлакчасини барпо этиш учун қўшимча 500 млн. сўм маблағ ўзлаштирилиши белгиланган. Лекин “халтадаги пул”га кўз тикканлар шунчалик кўпки, буюртманинг бажарилмасдан қолиши хавфи бор ҳатто.

- Йўл бўлими ҳокимнинг уйига асфальт босаётгани йўқ! – дейди маҳаллий кенгаш депутати Мақсуджон Холматов. – Бу йўл – халқники! Халқ розилиги учун қилиняпти бу ишлар. Албатта, иқтисодий муносабатларни бизам яхши тушунамиз: МИБ ходимлари ваколатлари доирасида иш олиб боришяпти, лекин энди-энди ўзига келаётган ташкилотнинг “оғзидаги нони”ниям тортиб олсак, эртага 161 нафар ишчи-ходимнинг аҳволи нима кечади? Бугунгидек пандемик вазиятда шунча одамнинг оиласи, бола-чақаси қайга боради? Ана шуларни инобатга олиб, биз – депутатлар Риштон туманлараро иқтисодий судига сўров юборишга келишдикки, масала ҳар томонлама пухта ўрганилсин, йўл бўлимига қарздорликни босқичма-босқич бартараф этиш имконияти берилсин, деган маънода. Агар сўровимиз инобатга олингудек бўлса, бу – бағдодликлар учун жуда катта ютуқ бўлади.

Маълум қилинишича, халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгашининг ушбу масала юзасидан 27 август куни Риштон туманлараро иқтисодий суди раиси С. Рустамов номига № 01-09/8-сонли сўровнома юборилган. Суд бу бўйича қандай қарорга келади – тез кунда билиб оламиз. Ўз масъулиятларини тўла-ўкис англаган, халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда иш тутаётган депутатларни эса ҳозирданоқ олқишлашингиз мумкин.

 

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.