Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 0 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Халқаро фестивалга тайёргарлик бошланди

×

 2018-11-11 11:10:37    1589

PDF yuklash
Chop etish


Халқаро фестивалга тайёргарлик бошланди

2018-11-09 | Жамият

Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш мақсадида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу борада ишчи гуруҳ фаолияти шакллантирилиб, халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаёти, миллий ҳунармандчилигини бутун дунёга кенг тарғиб этиш ҳамда туризмни ривожлантириш соҳасида кўзда тутилган вазифалар ижросига астойдил киришилди.

 

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бугун барча фарғоналикларни мамнун этмоқда. Зеро, бу нуфузли тадбир Қўқон шаҳрининг халқ амалий санъати ва туризм салоҳиятини жаҳон миқёсида намойиш этишда муҳим аҳамиятга эга.

 

– Қўқон шаҳрида 62 та маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, Худоёрхон ўрдаси, Жомеъ масжиди, Норбўтабий ва Соҳибзода Ҳазрат мадрасалари, Модарихон даҳмаси ва Даҳмаи шоҳон каби зиёратгоҳлар ҳамиша сайёҳлар эътиборида бўлиб келмоқда, – дейди Фарғона ва Наманган вилоятлари бўйича минтақалараро маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси раҳбари Саидумар Усмонов. – Фестивалга тайёргарлик жараёнида ҳар бир маданий мерос объекти бўйича турли тилларда буклетлар тайёрлаш, ташриф буюрувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

 

“Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедовнинг айтишича, бугунги кунда Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган мингдан зиёд ҳунармандларнинг 300 нафари уюшма аъзоси ҳисобланади. Халқ амалий санъати ва ёғоч ўймакорлиги соҳасида Қўқон мактабини яратган Қодиржон Ҳайдаровнинг олтинчи авлоди бўлган Мирзаюнус Умаров сулола анъаналарини фахр билан давом эттириб келмоқда. Мамлакатимиз ва хорижда машҳур ёғоч ўймакор уста сифатида танилган қаҳрамонимиз фестивалга тайёргарлик ишларини бошлаб юборди. Сулоланинг еттинчи авлоди бўлган фарзандлари – Отабек, Жамшид ва Жаҳонгир ҳамда ўнлаб шогирдларини ёнига олиб, турли нақшлар билан безатиладиган айвон ва устунлар, нозик дид билан ишлов бериладиган тарихий буюмлар, эсдалик совғалари тайёрламоқда. Бу маҳсулотлар фестиваль кунлари кўргазмага қўйилиб, дунёнинг турли қитъаларидан ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳайратига сазовор бўлишига шубҳа йўқ.

 

Айни кунларда фестивални ўтказиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда. Белгиланган вазифалар доирасида уч юлдузли 50 ўриндан кам бўлмаган, жаҳон андозалари талаблари даражасидаги кўп қаватли меҳмонхоналар қуриш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма ва савдоларини ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни доимий жалб этиш мақсадида сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорликда туристик маршрутлар сонини ошириш сингари муҳим юмушлар режалаштирилмоқда. Шунингдек, фестиваль бренди – логотипини яратиш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар бошланган.

 

Яқинда иш бошлаган “ASMALD” меҳмонхонаси замонавий қулайликлари ва дизайни билан меҳмонларга манзур бўлади. Тадбиркор Моҳидил Назировага “ноль” қийматда ажратилган ушбу қаровсиз бино ўрнида қисқа фурсатда икки қаватли, 67 ўринга мўлжалланган муҳташам меҳмонхона қад ростлади. Европа стандарти асосида қурилган мазкур иншоотда иккита анжуманлар зали, ресторан, фитнес-клуб, чўмилиш ҳавзаси каби қўшимча хизмат турлари мавжуд. Бу ерда ҳозирча 21 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, фаолият кўлами ва хизмат турларини кенгайтириш ҳисобига яқин вақт ичида қўшимча иш ўринлари яратиш асосий мақсад қилинган.

 

– Ўтган қисқа вақт мобайнида Ҳиндистон, Хитой, Туркия сингари хорижий давлатлар ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган меҳмонлар яратилган шароитлардан мамнун бўлди, – дейди меҳмонхона раҳбари Моҳидил Назирова. – Фестиваль кунлари ташриф буюрувчилар учун чегирмалар эълон қилиш, бепул қўшимча хизмат турлари ташкил этиш мўлжалланмоқда. Ҳозирги кунда меҳмонхонани Қўқон шаҳрининг тарихий зиёратгоҳлари ҳақидаги фотолавҳалар, рассомларнинг ижодий ишлари, халқ амалий санъати намуналари билан безаш ишлари олиб борилмоқда. Бир неча тилда бемалол сўзлаша оладиган гид-таржимонлар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

 

Таъкидлаш жоизки, халқаро фестивалга тайёргарлик давомида латиф шаҳар ўз гўзаллигини бутун дунёга яна бир бор намоён этади. Қўқонча мулозамат, меҳмондўстлик ҳамда миллий ҳунармандчилик ва тадбиркорлик соҳасидаги улкан салоҳият барча-барчада унутилмас таассурот қолдиради.

 

 

Манба: ЎзА