Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги нутқида мамлакат бошлаган ислоҳотларни қатъий давом эттиришини маълум қилди.

«Агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бу — Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ. Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз ва улар албатта ўзининг ижобий натижасини беради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади. Ёшларнинг илмга интилишини кучайтириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, хорижий мамлакатлар билан турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бундан буён ҳам ислоҳотлар марказида бўлишини қайд этди.

«Чунки билимли авлод — буюк келажакнинг, тадбиркор халқ — фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса — тараққиётнинг кафолатидир!» — деди давлат раҳбари.