Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 19 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Дилфузахон КАРИМОВА: “ХОТИН-ҚИЗЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА”

×

 2019-08-14 12:47:46    1381

PDF yuklash
Chop etish


Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласи ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири, халқ турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида белгиланган. Қувонарлиси, бу борада Бағдод туманида ҳам анчайин эътиборга молик амалий ишларга қўл урилмоқда. Туман Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан бўш ва фойдаланишсиз турган биноларни қайта таъмирлаш ва ишга тушириш ҳисобига янги кичик цехлар ташкил этилиб, ҳозирга қадар юзлаб хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида уларга имтиёзли кредит маблағларини ажратиш кўрсаткичлари ҳам охирги икки йилда сезиларли даражада ўсди.

Ўрни келганида таъкидламоқ лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижросига ҳам туманда алоҳида аҳамият қаратилаётир. Чунончи, бешинчи ташаббус юзасидан ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра 2019-2020 йилларда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёллар учун иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.

 

3 йилдан буён якка тартибда фаолият юритиб келаётган тадбиркор Маликахон Мадаминова бугун иқтисодий барқарорликка эришган бағдодлик юзлаб аёллардан бири ҳисобланади. Дастлаб 2 та тикув дастгоҳи билан иш бошлаган бўлса, эндиликда унинг қўлостида 25 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.

– Юртимизда аёллар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятдаги мавқеини юксалтиришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида бугунгидек нуфузга эришдик, - дейди тадбиркор биз билан суҳбатда. – “Халқ банки”нинг туман бўлими томонидан ажратилган 60 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига янги тикув дастгоҳлари сотиб олдик ва бунинг натижасида қўшимча иш ўринлари яратишга муваффақ бўлдик. Цехимизда, асосан, эркаклар учун мавсумий кийим-кечаклар тайёрланади. Кўз тегмасин, маҳсулотларимиз нафақат яқин-атрофда, балки қўшни вилоятларда ҳам харидоргир. Албатта, бу билан кифояланиб қолмоқчи эмасмиз. Насиб қилса, туман ҳокимлиги мутасаддилари кўмаги билан фаолиятимизни янада кенгайтириб, ишчи-ходимлар сонини 50 нафарга етказишни мақсад қилганмиз.


Туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфузахон Каримованинг фикрича, Президентимизнинг Бешта ташаббуси, аввало, ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини кўзлаб илгари сурилган. Бу иш ҳамжиҳатликда қилинсагина, кутилган самарага эришиш мумкин. Муҳими, туманда эзгу ташаббуслар ижросига бефарқ бўлмаган ёшлар ва хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

- Хотин-қизлар қўмитаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, “Тадбиркор аёллар” уюшмаси билан ҳамкорликда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирлар шилаб чиқилган, - дейди Дилфузахон Каримова. - Бунда, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича ўқувлар ташкил этиш, бизнес режаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, “Устоз-шогирд” тизимини янада кучайтириш, тадбиркор аёллар учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашиш ҳам устувор вазифаларимиздан бири бўлмоқда. Қолаверса, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар, асосан, туманимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга йўналтирилмоқда. Сўнгги 2 ой мобайнида фонд ҳисобидан бағдодлик тадбиркор аёллар учун ажратилган кредитлар салмоғи 600 миллион сўмдан зиёдроқни ташкил этди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш борасида талайгина ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мухтасар айтганда, бугун кун аёли нафақат она, уй бекаси, ширин-шакар фарзандларнинг тарбиячиси, балки юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ижрочи, фаол иштирокчиси ва жамият тараққиётининг асосий кучига айланди.


Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.