Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 8 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

БАҒДОДЛИК ҲУНАРМАНДНИНГ МАҲСУЛОТЛАРИ ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ ЛОЛ ҚОЛДИРМОҚДА

×

 2019-09-13 08:56:50    1284

PDF yuklash
Chop etish


Хабарингиз бор, айни кунларда Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтмоқда ва унда бағдодлик уста ҳунармандлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқдалар. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўрдаолди майдонида миллий ҳунармандчилик анъаналари асосида тайёрланган маҳсулотлар кўргазмасининг энг гавжум нуқтаси – тумандошларимиз – тадбиркор Мирзаолим ака Турсунов ҳамда ҳунарманд Бахтиёржон Шерматов учун ажратиб берилган супачадек ҳудуд эканига ишонч ҳосил қилдик.

Ёғоч ўймакорлиги йўналишида ишланган катта-кичик антиқа корабллар машҳур фильмларни ёдингизга солади. Улардаги энг майда деталлар ҳам юксак дид ва маҳорат билан ишланган. Шу яқин атрофдан ўтаётган киши борки, устанинг истеъдодига қойил қолмоқда. Ҳашаматли кемалар фонида суратга тушиш истагида бўлганларнинг саноғи-ю адоғи кўринмайди. Тўғриси, ғурурландик! Ана шундай қўлигул усталар билан тумандош эканимиздан фахрландик!


Мирзаолим ака ҳарбий хизматни Санкт-Петербург шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтаган. Бу ҳарбий қисм аскарларига Эрмитаж – тасвирий ва амалий санъат музейини қўриқлаш топширилган ва суҳбатдошимиз тақдирнинг бундай сийловидан ҳалигача миннатдор.

- Эрмитаж ўз салобати билан, минглаб экспонатлари билан мени маҳлиё қилганди, - дея эслайди Мирзаолим ака. – Мен ўша ерда тарихга меҳр қўйдим ва дунё халқлари ўтмиши билан боғлиқ кўплаб китобларни варақладим. Хизматим якунланиб, қишлоққа қайтганимдан сўнг ноёб асори-атиқаларни тўплай бошладим. Орадан ўтган 30 йил мобайнида 500 дан ортиқ турдаги миллий ҳунармандчилик намуналарини шахсий коллекциямда жамлашга муваффақ бўлдим. Улар орасида энг қадимийси XVII асрга оид самовар ҳисобланади. Насиб бўлса, яқин йилларда шахсий музей ташкиллашни ният қилиб турибман. Халқаро фестивалда коллекциямдан ўрин олган нодир экспонатлар билан қатнашяпман. Қарангки, уларни сотиб олиш истагини билдираётганлар ҳам чиқиб турибди (кулади).


Туман марказидаги дўконлардан бирида сотувга қўйилган антиқа кемачани кўрган Мирзаолим акада янгича ғоя туғилди. Сўраб-суриштириб, унинг устасини топди: камгап, қўни-қўшни билан ҳам кўпда мулоқот қилавермайдиган, хулласки, одамови киши экан. Мақсадини тушунтирди, ниятини рўй-рост айтди: “пул, ғоя, ривожлантириш – мендан; меҳнат, сабр-тоқат ва келажакка ишонч – сендан!..”

Бахтиёржон Шерматов 2018 йилда Навоийдаги жазони ўташ муассасасидан чиқарилди. Ўзининг айтишича, умрининг 7,5 йилини ҳавога совурди. Лекин бу йиллар уни ҳар томонлама тоблади: озодликнинг ҳар дақиқаси олтиндан қиммат эканини ҳис қилди, ҳалол ризқ билан яшаб Ҳақ ва халқнинг розилигини олишга, “ўтириб чиққан” одам ҳам она Ватан тараққиётига ҳисса қўшиши мумкинлигини амалда исботлашга астойдил бел боғлади.


- Ҳаёт текис ва равон йўлдан иборат эмас экан, - дейди Бахтиёржон Шерматов биз билан суҳбатда. – Умримнинг гул даврини “зона”да ўтказвордим, афсус. Яратганга минг шукр, жазо муддатини ўтаб, озодликка чиқдим. Лекин, тўғриси, жамиятга қўшилиб кетишим, узилган ришталарни қайтадан тиклашим анча қийин кечди. “Зона”далигимда ота-онам, рафиқам қазо қилишди, фарзандим аёлимнинг ота-онаси қарамоғида қолган. Сиқилган дамларимда “у томонда” ўрганган ҳунарим қўл келди. Мирзаолим аканинг доимий қўллаб-қувватлаши билан секин-аста ўзимни тиклаяпман. Яқинда бошқа турмуш қурдим, фарзанд кутяпмиз...

Бахтиёржон жазони ижро этиш муассасаси қошидаги дурадгорлик цехида уста ёрдамчиси бўлиб ишлади. Қатъиятлилик, ёрқин келажакка бўлган ишонч унинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. У дурадгорликни аввалига қўли билан эмас, кўзи билан ўрганди. Устанинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб, бу ҳунарнинг сир-асрорини ўзлаштирди. Бўш қолди, дегунча ёғоч қолдиқларидан турли буюмлар ясаб, вақтни “ўлдирди”. Озодликка чиққач эса, маълум муддат кимнингдир томини ёпди, бошқа бировнинг полини қоқди. Кунларнинг бирида дарвозаси қаттиқ тақиллаб, ҳовлисига нотаниш киши кириб келди.

- Мирзаолим ака билан узо-о-оқ гаплашдик, - деди Бахтиёржон сўзини давомлаб. – Ака мени руҳлантирди, ўзимга нисбатан ишонч уйғотди. Истеъдодимга юқори баҳо бериб, ҳамкорлик таклиф қилди. Сени юлдузга айлантираман, деди. Мана, ҳали жа-а-а юлдуз даражасига етмаган бўлсак ҳам, бирга-бирга ишлаяпмиз...


Тадбиркор ва ҳунарманднинг ҳамкорлиги тез орада мева бера бошлади: улар ёғоч ўймакорлиги асосида совғабоп буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди. Дастлаб кичик ўлчамда кемачалар ясашди ва улар тузуккина пулга сотилди. Аста-секин чор тарафдан буюртмалар кела бошлади ва Мирзаолим ака энди катта ўлчамдаги маҳсулотлар тайёрлашни, бу орқали ҳамма-ҳаммани лол қолдиришни ўйлаб қолди. Бундан илҳомланган Бахтиёржон уч ой деганда узунлиги салкам 4,7 метр, баландлиги 3,5 метр келадиган кораблни ясади. Унга “Орзу” дея ном беришди.

- Иккимизнинг ҳам орзуимиз, мақсадимиз бир, - дейди Мирзаолим ака, - маҳсулотларимиз орқали одамларга эзгулик улашиш! Эътибор беринг-а, “Орзу”нинг таянч нуқтасида дур-жавоҳирларга тўла сандиқ, сал юқорида эса гулғунча тасвирланган. Бу нима дегани? Бу – дунё бойликлари бир кун тубсизликка ғарқ бўлади ва қалбингда асраганинг – гулғунча билан ёлғиз қоласан! Шундай экан, ўз бошқарувингда бўлган ҳаёт кемаси чамбарагини қўлингда маҳкам тутгинки, тўфон-у довулларга дош берсин, дегани. Ҳар бир маҳсулотимизни мана шунақа фалсафий фикрлар билан бойитганмиз.


Суҳбатдошимизнинг айтишича, “Орзу” айнан I Халқаро ҳунармандчилик фестивали учун тайёрланган. Хорижий сайёҳлардан бири уни 5 минг АҚШ долларига сотиб олиш истагини билдирган, лекин Мирзаолим ака фестивал якунланишини кутишни лозим топди.

- Ишонч билан айтишим мумкинки, “Орзу” кўргазмамиз гултожи бўлиб, кўпчиликни мафтун қилиб турибди, - дейди у фахр билан. – Фестивал бошланганидан бери мингга яқин одам ҳар тарафдан келиб, айнан “Орзу”нинг фонида суратга тушиб кетди. Харидорга сотиб юборсам, бу маҳсулотимизнинг дарагини эшитиб, уни кўриш умидида келганларга нима дейман?! Фестивал бошидан буён 10-15 та буюртма олдим. Айтишим мумкинки, бу фестивал бизни кашф этди!

 

Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.