Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 10 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Бағдодлик тадбиркор кўп қаватли уйларни бошқаришда инновацион ечимлар устида ишламоқда

×

 2022-08-11 14:08:42    250

PDF yuklash
Chop etish


Бағдод туманидаги “Мангу юксалиш” масъулияти чекланган жамиятида кўп қаватли уйларни бошқаришнинг инновацион ечимларини ишлаб чиқиш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Бу ерда замонавий дизайн ва экологик самарадорликка эга 10 дан ортиқ турдаги маиший чиқинди контейнерларини тайёрлаш йўлга қўйилган. Ёш тадбиркор Бахтиёр Солижонов корхона фаолиятини янги иннавацион ғоялар асосида ривожлантириш билан банд. Сўнгги 2 ой давомида олиб борилган изланишлар натижасида бу ерда маиший чиқиндиларни ташиб кетишга мўлжалланган электро-мотороллерларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

- Таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, аҳоли яшаш пунктларида тўпланган маиший чиқиндиларнинг санитар корхоналар томонидан ҳафтада 1-3 марта олиб кетилиши кўплаб эътирозларга сабаб бўлади, - дейди Б.Солижонов биз билан суҳбатда. – Айниқса, ёз ойларида кўп қаватли уйлар атрофида чиқинди уюмларининг тўпланиб қолиши санитар-эпидемиологик вазият барқарорлигини бузиб, ҳар қайси фуқаронинг ҳам кайфиятига салбий таъсир кўрсатади. Ана шу жиҳатларни инобатга олиб, маиший чиқиндиларни ташиб кетишга мўлжалланган, фойдаланишда қулай, тежамкор бўлган электро-мотороллер яратиш керак, деган тўхтамга келдик ва буни уддаладик. Бу каби воситалар кўп қаватли уйлар орасидаги тор йўлакларда эмин-эркин ҳаракатланади ҳамда ўзидан ёқимсиз ҳид ва товуш чиқармайди.

Бугунги кунда 1 дона чиқинди ташиш машинасининг ўртача нархи 650-700 млн. сўмни ташкил этмоқда. Экологик тоза ва шовқинсиз ишлайдиган 1 дона электро-мотороллер эса 32 млн. сўмга баҳоланмоқда. Демакки, 1 дона чиқинди ташиш машинасининг ўрнига 20 дона электро-мотороллер харид қилиш мумкин. Бу, ўз навбатида, 1 кунда камида 2 марта кўп чиқиндилардан тозалаш, юзлаб иш ўринлари яратиш имконини беради. 

- Бундан ташқари, авариявий ҳолатларда зарур бўладиган таъмирлаш-созлаш асбоб-ускуналарини кўп қаватли уйлар орасига – айнан авария ҳолати юзага келган нуқтагача олиб боришни йўлга қўйиш учун ҳам махсус жиҳозланган электро-мотороллерлар ишлаб чиқаришни бошладик, - дея давом этади тадбиркор. – Ушбу лойиҳаларимиз Фарғона вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Дастлабки синовлар туманимиздаги Гулистон шаҳарчаси ҳудудида муваффақиятли ўтди. Энди маҳсулотларимизни конвейер усулида ишлаб чиқаришни мақсад қилиб турибмиз ва насиб қилса, Мустақиллик байрамидан сўнг вилоятда мавжуд 48 та уй-жой бошқаруви компанияларига электро-мотороллерлар етказиб беришни бошлаймиз.

Тадбиркорнинг маълум қилишича, конвейер усули йўлга қўйилгач, корхонада кунига 1 та маиший чиқинди ташиш ва 1 та авариявий ҳолатлар учун мўлжалланган электро-мотороллер ишлаб чиқариш ҳамда мавжуд иш ўринларини 2 баробарга ошириш мумкин бўлади.

Яна таъкидлаш лозимки, корхонада болалар майдончалари учун мўлжалланган жиҳозлар, тренажёрлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.