Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 2 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ижтимоий сўровнома: “ЎЗБЕКИСТОНДА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР СОНИ ЧЕКСИЗ”МИ?

×

 2019-10-22 21:17:46    1162

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон ҳамда ўзбекистонликларни 2019 йил ниҳоясида муҳим сиёсий воқелик кутмоқда: 22 декабрь куни мамлакат Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови ўтказилиши белгиланган. Айни пайтда юртимизда рўйхатга олинган 5 сиёсий партия – Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда янги ташкил этилган Ўзбекистон Экологик партиясига мазкур сайловларда ўз номзодлари билан иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан ижозат берилган ва табиийки, партиялар ўз тарғибот-ташвиқот ишларини аллақачон бошлаб юборганлар.

Хўш, фуқароларимиз сайлов ўтказилиши белгиланган кун, шунингдек, мавжуд сиёсий партиялар ҳақида қанчалик маълумотга эга? Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати юртдошларимизнинг сиёсий билимлари қай даражада эканини билиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказди ва унда “Ўзбекистонда сиёсий партиялар сони нечта?”, “Депутатлар сайлови қайси кунга белгиланган?” деган саволларга сайловчиларнинг жавоблари олинди.

Минг афсус, сўровномада сўралганларнинг аксари сайлов куни ҳақида маълумотга эга эмас ёки бўлмаса, сиёсий партиялар тўғрисида ҳеч нарса айтиб беролмади. Энг ачинарлиси, мамлакатимиздаги сиёсий партиялар сонини чексизлик билан ифодаловчи, саволларга шунчаки елка қисиш билангина жавоб қайтарувчилар ҳам бўлди.


Келинг, рақамларга мурожаат қиламиз: сўровномада 73 нафар фуқаро билан суҳбатлашилди. Уларнинг жинси, ёши, касби, ижтимоий ҳолати ва бошқа хусусиятларидан қатъий назар, айнан юқорида таъкидлаганимиз саволларга берган жавобларини тасмага муҳрладик. 73 сўралувчининг атиги 12 нафаригина (16 фоиз) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга халқ депутатлари сайлови жорий йилнинг 22 декабрь санасига белгилангани, шунингдек, мамлакатимизда 5 сиёсий партия мавжудлигини тўғри айтиб берган бўлса, 3 нафари (4,1 фоиз) ўша сиёсий партияларни номма-ном санаб бера олди, холос.

Шу ўринда, алоҳида эслатиб ўтиш лозимки, мазкур сўровнома тугал хулоса чиқариш имконини бермаса-да, яқинлашиб келаётган муҳим сиёсий тадбир хусусида олиб борилаётган тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жонлантиришимиз кераклигини ёдимизга солади. Қолаверса, мавжуд сиёсий партияларнинг тумандаги кенгашлари ўз электоратини кенгайтириш умидида экан, кўрсатган номзодларининг навбатдаги сайловда ғалаба қозонишини истар экан, халқ ичига янада чуқурроқ кириб бориши, керак бўлса, ўз сайловолди дастурини сайловчилар онги-тафаккурига “михлаб” қўйиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Зотан, биз илдизи мустаҳкам ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш йўлидан илдам бормоқдамиз ва бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг сиёсий фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади.

Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.