Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Иқтисодий судларларда ишларни кўриш билан боғлиқ суд ҳаражатлари ва унинг ҳуқуқий тавсифи
2024-06-28 19:44:20 578
Судларда низоларни тўғри ва қонуний ҳал қилишнинг муҳим мезонларидан бири, бу даъвонинг баҳосини тўғри белгилаб олишдир. Хусусан, суд юзага келган низони мазмунан тўғри ва қонуний ҳал қилган бўлсада, аммо даъвонинг баҳоси нотўғри белгиланиши оқибатида суд харажатларини ундиришда хатоликка йўл қўйилган бўлса, бундай ҳолатда суд ҳужжатининг тегишли қисмини ўзгартириш учун асос ҳисобланади.
Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан суд ҳаражатларига доир масалага қонун ҳужжатларини тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 19 декабрь кунги “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 36-сонли Қарори қабул қилинган.
Иқтисодий ишлар бўйича давлат божини тўлаш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 12-боби ва “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан тартибга солинади.
Суд харажатлари ҳақида сўз юритилар экан, энг аввало, “суд ҳаражатлари”, “давлат божи”, “суд чиқимлари” каби юридик атамаларни
бир-биридан фарқлай олиш лозим ҳисобланади.
“Суд харажатлари” деганда, иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишларни кўриш ва ҳал этиш билан боғлиқ ишларда иштирок этувчи шахслар томонидан қилинадиган қонунда назарда тутилган харажатлар тушунилади. Суд харажатлари ўз ўрнида икки турга бўлинади, яъни давлат божи ва ишни қўриш билан боғлиқ суд чиқимларидан иборатдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига кўра, “давлат божи – юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўлов”.
Амалиётда мазкур суд харажатларидан давлат божи ва суд чиқимларининг суд хабарномалари ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатлари деярли барча ишларни кўриш жараёнида судлар томонидан ундирилади. Қолган ишни қўриш билан боғлиқ суд чиқимларини ундириш масаласи судлар томонидан иш ҳолатларидан келиб чиқиб, ишни кўриш жараёнида бундай суд чиқимлари мавжуд бўлган ёки бўлмаганлигига қараб ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, суд харажатларининг турлари: гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар, далилларни жойида кўздан кечириш билан боғлиқ бўлган харажатлар, суд тайинлаган экспертизани ўтказиш билан боғлиқ бўлган харажатлар, суд хабарномаларини ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатлари, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлар киради.
Шунингдек, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар ва уларни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларнинг қилган ҳаражатларини тўлаш тартиби ва миқдори тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган.
Суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш ва уларни давлат фойдасига ундириш ИПКнинг 118-моддаси билан тартибга солинади. Шу сабабли суд муҳокамаси жараёнида суд (судья) суд харажатлари билан боғлиқ ҳолатларни текшириши, бу ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида тегишли хулосалар қилиши ва, нафақат ундирувга бўлган ҳуқуқни, балки иш бўйича тарафдан (тарафлардан) ундирилиши лозим бўлган аниқ суммани белгилаши ҳамда шу суммани ҳал қилув қарорининг (ажримнинг, қарорнинг) хулоса қисмида кўрсатиши лозим.
Умумий қоидага кўра эса иш бўйича суд харажатларини низода ноҳақ бўлиб чиққан тараф тўлайди.
Судлар томонидан давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариб олиш ва уни тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатларини тартибга солиш бевосита Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади.
Мазкур қонунга кўра фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва маъмурий судларга аризалар билан мурожаат қилинганида, шунингдек нотариал ҳаракатлар амалга оширилганида, фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилганида, Ўзбекистон Республикаси фуқароси биометрик паспортни расмийлаштирганда, шу жумладан ҳорижга чиқиш ҳамда консуллик йиғимини тўлаш ва шу каби бир қатор ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгандир.
Қонун билан давлат божини тўловчилар қатъий белгиланиб, унга кўра ваколатли муассасаларга ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган ва ўзига нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракат ва (ёки) ҳужжатлар бериш амалга ошириладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилар деб белгиланди.
Хусусан, қонун билан давлат божини ундириш объектлари, давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслар белгиланди. Бу эса давлат божини тўловчи жисмоний ва юридик шахсларга айнан қайси ҳолларда давлат божи тўлаши лозимлиги ҳақидаги қоидалар ҳамда айнан қайси жисмоний ва юридик шахс давлат божи тўлашдан озод қилинганлигини қатъий белгиланди. Бироқ, бу қоидалар суд чиқимларига тааллуқли ҳисобланмайди.
Шунингдек, қонуннинг иловасига мувофиқ давлат божи ставкаларининг аниқ миқдорлари белгиланган. Унга кўра, иқтисодий судларга бериладиган мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, номулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан БҲМнинг 10 баравари, ташкилотлар ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 3 баравари, хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш вақтида келиб чиқувчи низолар бўйича даъво аризаларидан БҲМнинг 10 баравари, апелляция, кассация ва назорат тартибида берилган шикоятлардан биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи ҳамда суд ҳужжатларининг дубликатларини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра иқтисодий суд томонидан ишлардан бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини берганлик учун ҳужжатнинг ҳар бир бети учун БҲМнинг 2 фоизи, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, шунингдек ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари, чет давлат судлари ва арбитражлар қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божларининг аниқ миқдорлари белгиланган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, судья томонидан ишни кўриш натижалари бўйича суд ҳаражатларининг миқдорини белгилашда хатога йўл қўймаслик ва тарафлар ўртасида тақсимлаш масалаларини тўғри ҳал этиш қабул қилинган суд ҳужжатининг қонунийлигини таъминловчи асосий мезонлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Риштон туманлараро иқтисодий
суди раиси
Эргашев Умиджон