Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Давлат-хусусий шериклик асосида 300 дан ортиқ хўжаликка ичимлик суви тармоғи тортилди
2021-05-19 19:53:03 808
Бағдод туманининг “Майлабой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида янги ичимлик суви тармоқлари тортилиб, 340 та хўжаликда бу борадаги муаммо ижобий ҳал этилди. МФЙ раиси Солижон Ҳабибуллаевнинг маълум қилишича, бажарилган ишнинг кўлами ва қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилашдаги аҳамияти жуда катта бўлди.
- Қишлоғимизда ишбилармон тадбиркорлар кўп, - дейди раис. – Ботиржон ака Олимов – ана шундай саховатли тадбиркорларимиздан бири. 4-5 йил олдин бу киши шахсий маблағи ҳисобидан ички йўлларимизни асфальтлашда ташабускор бўлган эди. Энди эса, ичимлик суви билан боғлиқ муаммони бартараф этишда ҳам бош-қош бўлди. Дастига барака берсин...
Тадбиркор Б.Олимов қишда тик артезиан қудуғи қазиш учун етарли миқдорда маблағ ажратди. Мутахассисларнинг 3 ҳафталик саъй-ҳаракатлари билан юқори босимда тоза ичимлик суви чиқарилди. Техник шартларга кўра, қудуқдаги сув маълум муддат оқизиб қўйилди. Энди эса уни жиловлаб, кўчаларга ва аҳоли хонадонларига тармоқ тортиш керак.
- Худди шу масала билан туманимиз ҳокими Восилжон Назаровнинг қабулига бордим, - дея суҳбатни давом эттиради Солижон ака. – Ҳурматли ҳокимимиз қилган ишларимизни эшитиб, жуда хурсанд бўлди ва тармоқ тортиш учун 1000 метр полиэтилен қувур ажратиб берди. Ўша қувурлар аллақачон 5 та кўчамизга ётқизилди. Бундан ташқари, қишлоғимиз марказида яна битта шунақа сув қудуғимиз бор ва ундан тортилган тармоқлар яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Шу баҳонада уларниям янгилаб олдик. Бугун майлабойликлар туманимиз ҳокимидан, тадбиркоримиздан жуда-жуда миннатдор. Сув келтирган элда азиз, дейишади. Шундай экан, бу ишга бош қўшганлар асло камлик кўрмасин, эл-юрт ичида азиз ва мукаррам бўлсин, деб дуолар қиламиз...
Кўчаларда туширилган артезианларнинг ҳар бирига жумрак ўрнатилгани эътиборимизни тортди: жуда улуғ иш бўпти, деб қўйдик. Зотан, тежаган – терга тушмас...
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.