Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдодда “Халқпарвар” комиссияси 20 нафар фуқарога янги уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўловни тўлаб бериш бўйича таклиф киритди
2021-08-07 18:49:16 722
Бағдод тумани ҳокимлиги ҳузуридаги “Халқпарвар” комиссияси аъзолари оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга Президент эътирофидаги Гулистон йўлдош шаҳарчасида барпо этилган янги кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиш учун бошланғич тўловни тўлаб бериш бўйича таклиф киритди. Мазкур таклиф маҳаллий Кенгаш раиси Восилжон Назаров томонидан қабул қилиниб, тасдиқланди.
Комиссия раиси Фарҳоджон Маматқуловга кўра, хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган “Вақтинчалик тартиб”га мувофиқ, туманда бир талай эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
- Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманда истиқомат қилувчи хотин-қизлар томонидан уй-жой масаласи билан боғлиқ 34 та ариза ва мурожаат келиб тушган, - дейди Ф.Маматқулов. – Талабгорларни танлаш комиссияси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва фуқароларнинг яшаш шароитини манзилли ўрганиш натижалари асосида, 20 нафар фуқарога уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўловни тўлаб бериш бўйича аниқ тўхтамга келинди. Таклифни халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Восилжон Шуҳратовичга киритдик. У киши ҳеч қандай иккиланишларсиз бизни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Шу тариқа, 20 нафар фуқаро энг улуғ, энг азиз кун – давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан муносиб байрам туҳфасига эга бўлдилар.
Маълум қилинишича, ҳар бири 2 хонадан иборат янги хонадонларни сотиб олиш учун тегишли банк филиалида омонатлар шакллантирилган ва уларга 22 млн. 518 минг сўмдан маблағ бошланғич тўлов учун ўтказиб берилган. Бунинг учун жами 450 млн. 360 минг сўм йўналтирилган.
Маълумот учун: туманда уй-жойга муҳтож бўлгани сабабли махсус рўйхатга олинган 9 нафар фуқарога уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўловнинг маълум қисми “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши ҳақида 2 август куни хабар берилган эди.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.