Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдод тумани ҳокими “Очиқ-ойдин” ток-шоусида танқид остига олинган мактабга борди. Бозор ва тиббиёт муассасасидаги нохуш ҳолатлар ҳам бартараф этилади
2022-08-18 19:15:18 384
Аввал хабар берганимиздек, Бағдод тумани ҳокими Юсуфжон Хусаинов бошчилигидаги туман сектор раҳбарлари ҳамда корхона ва ташкилотлар мутасаддилари 13 август куни “Руҳсор” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган “Очиқ-ойдин” ток-шоусида иштирок этиб, фуқаролар мурожаатларига муносабат билдирган эдилар. Кўрсатув давомида тумандаги 52-умумий ўрта таълим мактаби фаолиятига оид танқидий лавҳа эфирга узатилган ва ушбу зиё масканида ўқувчилар ҳамда педагоглар учун муносиб шароит яратилиши зарурлиги таъкидланган эди. Куни кеча туман ҳокими ушбу мактабда бўлиб, мавжуд ҳолат билан яқиндан танишди.
Мактаб 1996 йилда ҳудуддаги мослаштирилган бинода ўз фаолиятини бошлаган. 2009 йилда, қишлоқдаги мактаб ёшида бўлган болалар сонидан келиб чиққан ҳолда, янги – 120 ўринли мактаб биноси фойдаланишга топширилган. Ҳозирда мактабдаги ўқув жараёнлари 2 сменада олиб борилади ва ўқувчилар сони 215 нафарга етган.
- Шу кунларда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, - дейди мактаб директори Хуршида Муртазоева. – Синфхоналарни таъмирлашга тайёрлаш учун ўқув-лаборатория жиҳозларини “кўтар-кўтар” қилиб турган вақтимизда келиб қолди-да телевидение, шунга шошиб қолдик, тўғриси. Лекин мактабимизда ошхона, спорт зали, лаборатория жиҳозларини сақлаш учун алоҳида хона йўқ, атиги 5 та синфхонамиз бор, холос.
Туман ҳокими вазиятни баҳолар экан, чиндан ҳам мактабда синфхоналар етишмаслиги, ўқувчилар ҳамда педагогик жамоа учун етарли шарт-шароитлар яратилиши зарурлигини таъкидлади ва мавжуд бинога туташ ҳолатда қўшимча 2 та синфхонасини қуриш лойиҳасини тайёрлаш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берди.
Туман халқ таълими бўлими мудири Дилфузахон Каримованинг маълум қилишича, мактаб ҳудудига қўшни бўлган хонадон эгаси – Отабек Комилов ёпиқ турдаги спорт залини қуриш учун ўз томорқасидан 0,06 га ер майдонини ажратиб беришга тайёр. Бунинг учун фуқарога мактаб балансида бўлган ва ҳозирда фойдаланилмай келаётган эски бино-иншоотлари жойлашган ҳудуддан мос ўлчамли ер майдони берилиши лозим.
Туман ҳокими ушбу таклиф ҳуқуқий жиҳатдан пухта ўрганилиши ва амалдаги тартиб-таомилларга мослаштирилиши лозимлигини таъкидлади.
Юсуфжон Хусаинов шу куни туман марказида жойлашган бозорлардаги тирбандликларнинг асл келиб чиқиш сабабларини ҳам таҳлил қилди. Маълум қилинишича, туман “Деҳқон бозори” 1970 йилда фойдаланишга топширилган ва ўша вақтда 70 минг аҳолига хизмат кўрсатилган. Ўтган йиллар давомида аҳоли сони қарийб 3 бараварга, бундаги тадбиркорлар сони эса 5 бараварга ошди. Савдо ўринларининг етишмаслиги сабабли айрим тадбиркорлар йўлакларга ностандарт расталар ўрнатиб, савдо-сотиқ билан шуғулланмоқдалар. Бу эса тирданбликка сабаб бўлмоқда, турли нохуш ҳодисалар келиб чиқишига замин яратяпти.
Буюм бозоридаги вазият ҳам бундан яхши эмас, лекин бу ерда янги савдо мажмуасини барпо этиш ишлари давом этмоқда. Ҳозиргача 250 та савдо ўрнига эга бўлган павильонлар фойдаланиш учун топширишга тайёр. Келгусида савдо ўринларини 1000 тага етказиш кўзда тутилган. Туман ҳокими бозорлар ҳудудини ободонлаштириш, йўлакларни бетон қоришма билан текислаш ва тартибга келтириш, мавжуд савдо расталарини таъмирлаш, темир-ёғоч конструкцияли ностандарт савдо расталарини эса бозор ҳудудидан чиқариш ва қайта киритмаслик, умуман олганда, фавқулодда вазиятларда махсус кучлар ва техник воситалар ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш бўйича масъул мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
“Очиқ-ойдин” ток-шоусида туманнинг “Ултарма” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган оилавий шифокорлик пунктининг бино-иншоотлари таъмирталаб ҳолатда экани алоҳида урғуланган эди. Туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов ушбу ҳудудга энг яқин манзилларда жойлашган бирламчи тиббиёт муассасаларида мавжуд шароитлар билан ҳам танишиб, Ултармадаги оилавий шифокорлик пунктини вақтинча – таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар ушбу манзилларда жойлаштириш имкониятларини ўрганди. Айни кунларда бу масала юзасидан аҳолининг таклифлари ўрганилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, “Очиқ-ойдин” ток-шоуси орқали эфирга узатилган танқидий лавҳаларда қайд этилган нохуш ҳолатларни бартараф этиш бўйича туманда амалиш ишлар бошланди.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.