Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 16 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Бағдодлик тадбиркор сават ва челак экспортини йўлга қўйди

×

 2023-01-27 17:02:21    282

PDF yuklash
Chop etish


Бағдод туманининг “Чекхитой” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган “Zolotaya dolina” масъулияти чекланган жамиятида ҳунармандлик маҳсулотлари, жумладан, сават ва челак экспорти йўлга қўйилди. 

МЧЖ иш юритувчиси Насрулло Ғозиевнинг маълум қилишича, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги савдо ҳамкорларига ҳар ойда 10 минг дона челак юборилмоқда. Хорижлик сармоядорлар таклифи билан ҳозирда 500 дона сават ҳам тайёрлаб қўйилдики, келгуси сафар бу маҳсулотдан яна 7 минг донага буюртма бор. Саватларни андижонлик ҳунармандлар тайёрлаб, пешма-пеш етказиб бермоқдалар. Турли ўлчамдаги челаклар эса Данғара туманидаги тунукасозлардан йиғиб олинмоқда.

Туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов экспортёр корхона фаолияти билан яқиндан танишар экан, хорижга юборилаётган маҳсулотларни тайёрлашда маҳаллий ҳунармандлар улушини ошириш лозимлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, сават ва челакни узоқ манзиллардан ташиб келтирмасдан, айни қишлоқ аҳолисининг ўзи ушбу маҳсулотларни тайёрлашни ўзлаштирса, тадбиркорга ҳам, бағдодлик ҳунармандларга ҳам ҳар томонлама фойдали эмасми?!

-  Худди шу саволни ўзимга бердим ва “қилса бўлади” деган қатъий қарорга келдим, - дейди маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчиси Нурматжон Ғозиев. – Саватсозликни йўлга қўйиш учун, аввало, хомашё манбаини яратиш, бунинг учун эса экин ери керак. Мана, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан, деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш учун аҳолига ер бериляпти. Бу йил бизнинг маҳалла аҳолиси учун 10 гектаргача ер берилиши кутилмоқда. Талабгорлар билан келишиб, ана шу ер участкаларига Америка ва Хитой толи қаламчаларини экишни режалаяпмиз. Сават тўқиш учун толнинг худди шу нави парвариш қилинади ва энг асосийси, тол навдалари 1 йилда пишиб-етилади. Андижонда шу навдаги тол кўчатлари гектарлаб майдонда экилмоқда. Бу – аҳолига даромад, тадбиркорга эса тайёр хомашё, дегани. Бундан ташқари, 2 нафар темирчи устани малака ошириш учун Дарғара туманига юбордик. Улар челак тайёрлаш сир-асрорларини пухта ўзлаштириб олгач, қишлоқ ёшларига шу ҳунарни ўргатадилар.

Ҳоким ёрдамчисининг ҳисоб-китоб қилишича, сават тўқишни йўлга қўйиш орқали камида 100 та хонадон учун қўшимча даромад манбаини яратиш мумкин. Челак тайёрлаш билан эса 10 нафар ҳунарманд қишин-ёзин шуғулланади.   

25 январь куни, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида, камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий механизми – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш экани қайд этилди. Чекхитойда дебоча олаётган ташаббуслар айни мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.