Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Туман ҳокимига йўлланган мурожаат асосида Мирзаободдаги 300 дан зиёд хонадонни сифатли электр энергияси билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда
2023-04-25 18:50:38 218
Бағдод туманининг “Мирзаобод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳудудда электр таъминоти билан боғлиқ кўп йиллик муаммони ижобий ҳал этишда амалий ёрдам сўраб, туман ҳокимига мурожаат қилган эдилар. Мазкур мурожаат асосида, туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан маҳалладаги ностандарт таянчларни босқичма-босқич алмаштириш ҳамда тармоқ тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш керакки, бунда мирзаободликларнинг якдиллиги, ўзаро ҳамжиҳатлиги анчайин қўл келаётир. Бинобарин, маҳалладошлар жамғарилган маблағлар ҳисобидан 250 кВА қувватли янги трансформатор ва 27 дона темир-бетон таянчлар харид қилиниб, электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан ўрнатилди. Шунингдек, 1000 метр узунликда 10 кВ ли, 500 метр узунликда 0,4 кВ ли тармоқ тортилиб, муаммо бирмунча бартараф этилди. Лекин вазиятни бутунлай яхшилаш учун яна темир-бетон таянчлар керак эди.
Маҳалла фаолларидан бири Соҳибжон Юсупов ҳудуддаги қўлбола таянчларни тўлиқ янгилашда кўмак сўраб, туман ҳокимининг қабулига борган ва ижобий натижага эришган.
- Ҳисоблаб чиққанимизда, яна 40 дона “столба” керак экани ойдинлашди, - дейди С.Юсупов. – Қабулга бориб, туманимиз ҳокими Юсуфжон Хусаиновга шахсан учрашдик, масалани айтиб, ёрдам сўрадик. Раҳмат, масъуллар мурожаатимизни беэътибор қолдиришмади ва бизга темир-бетон таянчлар ажратилишини билдиришди. Мана, биринчи босқичда 10 дона “столба” олиб келиниб, кўчамизга ўрнатилди. Қолган таянчлар ҳам навбати билан алмаштирилади.
Туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Давлатжон Собировга кўра, аҳоли маблағлари эвазига янги трансформаторнинг ўрнатилиши ҳудудда мавжуд ва маънан эскирган 4-сонли трансформаторнинг “юк”ини сезиларли даражада енгиллатди. Умуман олганда, режадаги ишлар тўлиқ якунлангач, 300 дан зиёд хонадонда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар узил-кесил барҳам топади.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.