Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Мавсум беталафот ўтиши учун
2023-05-27 14:48:47 231
Бағдод туманида жорий йилги мавсумда 184 та фермер хўжалигининг 7 минг 600 гектарлик майдонида бошоқли дон етиштирилди ва ғалла майдонларининг гектаридан ўртача 70 центнердан ҳосил олиш режалаштирилган. Эндиги вазифа ҳосилни ўз вақтида нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олишни ташкил этишдан иборат.
Жорий йил мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун ҳам бирмунча синовли келди. Табиат инжиқликлари фермерлар фаолиятига ҳам сезиларли даражада ўз ҳукмини ўтказди. Аммо тадбиркор деҳқон ҳар қандай қийинчиликларни енгишга қодир. Бинобарин, туман қишлоқ хўжалигида эришилаётган давомли ютуқларнинг асосий сабабларидан бири, бу тинимсиз изланиш ва уддабуронлик билан иш юритиш ҳисобланади.
Ғалла ўрим-йиғими бошланишига саноқли кунлар қолган бир вақтда фермерларнинг меҳнатини қадрлаш, улар етиштираётган ҳосилни асрашда туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳам ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, бошоқли донни ёнғиндан асрашга қаратилган тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.
Бундан ташқари, ғалла ўрими мавсумига жалб қилинадиган барча техника воситалари соҳа мутахассислари томонидан ўрганилиб, шай ҳолатга келтирилди. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бу йилги ғалла ҳосилини ўз вақтида йиғиб олишга қаратилган. Бу эса ғалла етиштирувчи кластерлар ва фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантириб, биринчи навбатда, ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.