Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қароқчитолда инфратузилма билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич ҳал қилинмоқда
2023-05-31 18:03:22 213
Бағдод туманида қишлоқ ва маҳаллалар инфратузилмаси билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарор асосида амалга оширилаётган ишлар туманнинг чекка ҳудудларида ҳам салмоқли ўзгаришларга сабаб бўлаётир.
Жумладан, “Қароқчитол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2,5 километр масофадаги ички йўлларга шағал ётқизилиб, асфалтьлашга тайёр ҳолга келтирилди. Эрта-индин ушбу ҳудудда ҳам асфальт ётқизиш ишлари бошланади ва бунинг учун давлат бюджетидан 1 млрд. 125 млн. сўм маблағ ажратилган.
Эътиборлиси, аҳолининг ҳамжиҳатлиги, бир мақсад йўлида интилиши боис, маҳалладаги ички йўлларнинг яна 3 км.дан зиёдроқ қисмини асфальтлаш бўйича “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги биринчи мавсуми учун киритилган лойиҳа ғолиб топилди. 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилаётган мазкур лойиҳа доирасидаги ишлар тўлиқ якунлангач, ҳудудда тупроқ йўл у ёқда турсин, ҳатто тош-шағал қатламли бирор қарич йўл қолмайди.
Аҳоли хонадонларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, томорқаларни суғориш тармоқларини барпо этиш ва электр таъминоти билан боғлиқ кўп йиллик муаммолар ҳам босқичма-босқич ечим топмоқда. Маҳалла раиси Иззатулло Тошпўлатовнинг айтишича, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш учун сўнгги 2 йил ичида турли манбалар ҳисобидан 10 млрд. сўмга яқин маблағ сарфланмоқда.
Эндиликда барча эътибор маҳалладаги ижтимоий соҳа объектларини замонавий қиёфага келтириш ва фарзандларимиз таълим олишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилади. Жумладан, ҳудуддаги 12-умумий ўрта таълим мактабининг филиалини таъмирлаш муҳим масалалардан бири бўлиб турибди. Масъулларнинг маълум қилишларича, мазкур бино ярим аср олдин қурилган ва қарийб 30 йилдан бери давлат дастури билан бирор марта таъмирланмаган. Бинонинг пол ва том қисмларида, деворларида муаммо етарли. Бунинг устига, ўқув жиҳозлари ҳам бугунги таълим стандартларига муносиб эмас. Айни шу жиҳатлар маҳаллий аҳолининг ҳам, мактаб жамоасининг ҳам кўнглини чўктириб турибди.
Туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов ушбу таълим масканида бўлиб, аҳоли вакиллари ҳамда педагоглар билан учрашди. Бундаги ҳолат билан яқиндан таниш экани, тегишли мутахассислар иштирокида мавжуд муаммони бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланганини айтди, туман ҳокими.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мактабнинг асосий биносида ўқувчиларга хорижий тилларни ўргатиш ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий марказ ташкил этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ушбу марказда ёшлар инглиз ва француз тилини мукаммал ўрганишлари ва 10 га яқин касб-ҳунар сир-асрорларини пухта ўзлаштиришлари учун барча имкониятлар яратилди.
Умуман олганда, Қароқчитолда юз бераётган ўзгаришлардан, янгиланишлардан аҳоли мамнун. Ёшу кексалар инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлардан бирдек миннатдор. Юртдаги маъмурчилик, тўкин-сочинлик, бунёдкорлик ва энг асосийси, тинчлик-осойишталик бардавом бўлишини тилаб, дуолар қилишмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.