Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Чўлюнус ҳам обод ва файзли масканга айланади
2023-06-21 19:30:13 195
Бағдод туманининг “Чўлюнус” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 5 минг 680 нафар аҳоли шу кунга қадар ижтимоий-иқтисодий соҳалар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш жабҳаларидаги муаммо ва камчиликлардан азият чекиб келаётган эдилар.
Мамлакатимизнинг олис ва чекка манзилларидаги ана шундай қишлоқ ҳамда маҳаллаларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, одамларга муносиб ҳаёт сифати, турмуш шароитини яратиб бериш борасида давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида олиб борилаётган кенг қамровли амалий ишлар айни ҳудудда ҳам бошлаб юборилгани, албатта, қувонарли.
Бу борада бажарилаётган ишлар мантиқий кетма-кетликда, пухта режа асосида амалга ошириляпти. Аввало, маҳалладаги ички хўжалик йўлларининг тупроқ қатламли қисмини шағаллаш учун зарур техник воситалар жалб этилди.
Саҳобиддин ОРТИҚОВ, МФЙ раиси:
- Қишлоқ ҳудудларининг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини ҳар бир кўчада кўриш мумкин. Ана шундай кенг кўламли янгиланишлар бизнинг маҳаллада ҳам бошланди. Ички хўжалик йўлларимизнинг умумий узунлиги 23,5 км бўлиб, бунинг 15,5 км қисми асфальтланган, 5,5 км қисми шағаллаштирилган ва қолган қисми тупроқ қатламли эди. Мана, бугун Республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан тупроқ қатламли йўлларимизга шағал ётқизилмоқда. 1,3 км узунликдаги кўчалар эса асфальтланиши белгиланган. Ёшлар кўчасида 1,2 млрд. сўм эвазига ичимлик сув қудуғини қазиб чиқариш, сув минораси ўрнатиш ва 2,5 км узунликда тармоқ тортиш режаланган. Иноқ кўчасида эса мавжуд 60 кВ ли трансформатор 160 кВ лисига алмаштирилади.
Юз бераётган бу ўзгаришлардан, кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан аҳоли мамнун. Суюлтирилган газ, электр энергияси ҳамда ичимлик сув таъминотини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам фуқаролар турмушини янада фаровонлашувига хизмат қилиши аниқ.
Шу маҳалладаги 31-умумий ўрта таълим мактабида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида янги ўқув биноси қад ростламоқда. Қурилиш ишлари учун қарийб 4 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган бўлиб, бино янги ўқув йилидан фойдаланиш учун топширилиши белгиланган.
Инсон манфаатларини амалда таъминлаш, жумладан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳам доимий эътиборда. Чунончи, бугун ушбу ҳудудда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкиланди. Туман ҳокимлиги ҳамда тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ташкилланган тиббий кўрик давомида 200 нафардан зиёд фуқарога бепул тиббий маслаҳатлар, 8 нафар беморга туман, 2 нафар фуқарога эса вилоят шифохоналарида ётиб даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи ўткир ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўринга эга. Бинобарин, “Аёллар дафтари”га киритилган 10 нафар чўлюнуслик аёлга субсидия асосида тикув машиналари топширилди. Туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов замонавий дастгоҳларни топширар экан, қишлоқ аёлларига самимий ҳурмат-эҳтиром кўрсатди.
Бир сўз билан айтганда, Чўлюнусда бошланган бунёдкорлик ишлари натижасида аҳолининг турмуш тарзи тубдан ўзгаради, ҳар бир хўжаликка енгиллик ва фаровонлик киради. Энг муҳими, бу янгиланишлар одамлар розилигига сабаб бўлади.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.