Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Қўштегирмон-2” маҳалласида кўп йиллик муаммолар ҳал этилмоқда
2023-07-26 16:15:35 194
Бағдод туманида ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасидаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.
Айни дамда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича туманда аҳоли билан мулоқотнинг янгича тизими доирасида фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, мавжуд муаммоларга самарали ечим топилмоқда.
Жумладан, шу кунларда “Қўштегирмон-2” маҳалла фуқаролар йиғинида биратўла 3 йўналишда иш олиб борилмоқдаки, бундан ҳудуд аҳолиси мамнун-миннатдор.
- Навбаҳор кўчасида 2 километр узунликда ичимлик сув тармоғи ётқизилди, тез кунда янги тик қудуқ қазиш ишлари бошланади, - дейди МФЙ раиси Маъмуржон Ўктамов. – Шу тариқа, 246 та хонадонда ичимлик суви билан боғлиқ муаммо узил-кесил ҳал бўлади. Бундан ташқари, шу кўчамизда мавжуд нобоп симёғочлар – уларнинг сони 40 та – темир-бетон таянчларга алмаштириляпти. 1,5 километрдан ортиқ сип-кабеллар тортилиши ҳамда 1 та янги трансформатор ўрнатилиши режалаштирилган. Натижада, 177 та хўжаликка сифатли электр энергияси етказиб беришга имкон туғилади. Ички йўлларни асфальтлаш масаласи ҳам анча вақтдан бери ҳал бўлмасдан келаётганди. Президентимизнинг алоҳида қарори билан ана шу муаммо ҳам ижобий ечим топди: Имкон ва Ёнғоқзор кўчаларидан ўтувчи 2 минг 700 метр узунликдаги ички йўлларга асфальт ётқизилди. Шунингдек, “Менинг йўлим” лойиҳасининг жорий йилги 1-мавсумида қатнашиб, ғолиб бўлганмиз. Энди Омадли ва Бўстон кўчаларида 1 минг 900 метрли ички йўллар шу лойиҳа доирасида асфальтланади.
Ҳудудда юз бераётган бундай улкан янгиланишлар маҳалла аҳлини ташаббускорликка, ҳамжиҳатликка ундамоқда. Бу, Имкон кўчасида ҳашар йўли билан янги сув қудуғи қазиб чиқарилгани ҳамда 2 километр узунликда тармоқ тортилганида яққол намоён бўлди.
Туманда сув, газ ва электр таъминоти, ички йўллар ҳолати, мактаб ва мактабгача таълим тизимидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ишлар жадаллик билан давом этмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.