Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Шуҳрат”ли тадбиркор ўқувчилар билан учрашди
2023-09-09 16:15:03 280
Бугун Бағдод туманидаги 56-умумий ўрта таълим мактабида “Ғофуржон деҳқон” масъулияти чекланган жамияти директори Одилжон Хаджиевнинг ўқувчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, шу йил 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшиб келаётгани, ўзининг ташаббускорлиги, билим ва тажрибасини намоён этиб, соҳага инвестицияларни жалб қилишдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ тадбиркорлар мукофотландилар.
Мукофотланганлар сафида Бағдод туманидаги “Ғофуржон деҳқон” МЧЖ директори Одилжон Хаджиевнинг ҳам борлиги, у кишининг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани туманимиз жамоатчилигини севинтирди, албатта. Зотан, ҳалол меҳнат инсонни улуғлайди, унинг номини эларо маълум ва машҳур қилади.
Самимий руҳда кечган мулоқот давомида тадбиркор ёшлик давридан то бугунга қадар босиб ўтган ҳаёт йўли, соҳада эришган натижалари ва уларнинг омиллари хусусида ўқувчиларга гапириб берди.
- Мен тадбиркорликни савдо-сотиқ билан бошлаганман, - деди меҳмон. – У замонларда бирорта тадбиркор ё ишбилармон одам рўшнолик кўрган эмас. Аксинча, “олибсотар” ёки “чайқовчи” деган ном билан доимий сиқувга олинганмиз. Мана, худога шукр, бизнинг ҳам елкамиз офтоб кўрди. Бугун тадбиркорни Президент қўллаяпти, давлат қувватлаяпти, қонун ҳимоя қиляпти! Шундан руҳланиб, фаолиятни йилдан-йилга кенгайтириб боряпмиз. Ҳозирда чорва комплексимизда минг бошдан зиёд зотдор қорамол парвариш қилиняпти, 80 нафар ишчи-ходимлар бор. Эришган натижаларим негизида, энг аввало, меҳнат ётибди. Қолаверса, қийинчиликларга қарши мардонавор туриш, касбга бўлган садоқат ва албатта, ёшликда олган билимларим бугунги ютуқларимга асосий омил бўлмоқда.
Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан тадбиркорга мурожаат қилишди. Сўнгги йилларда хусусий бизнес ривожига қаратилаётган эътибор, тадбиркорлар учун берилаётган имкониятлар ва бунинг самараси ҳақида фикрлар билдирилди.
Мулоқот якунлангач, тадбиркор айни мактабда ўқувчиларни тадбиркорликка жалб қилиш ва касб-ҳунар ўргатишга мўлжалланган хоналарни кўздан кечирди, яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, қизиқувчи ёшларни чорва комплексига таклиф қилиб, улар учун ўқув йили давомида амалий машғулотлар ташкилланишини билдирди. Тадбиркорнинг ушбу таклифини ўқувчилар қувонч билан қабул қилдилар.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.