Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Янгиланган таркибдаги “Халқпарвар” комиссиясининг илк мажлисида аъзолар вояга етмаган шахс учун уй сотиб олинишини ёқладилар
2023-09-12 17:56:17 232
Халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгаши ҳузуридаги “Халқпарвар” комиссияси янгиланган таркибда ўзининг илк мажлисини ўтказди ва унда аъзолар 2004 йилда туғилган, ота-она қарамоғидан маҳрум, вояга етмаган Қаҳҳоров Жаҳонгир Дилмуроджон ўғлига иккиламчи бозордан уй сотиб олинишига розилик бердилар.
Мажлисда, туман ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси раҳбари Орзимурод Абдураҳмонов сўз олиб, туманда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётганини урғулади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатлар учун дастуриламал бўлаётир.
Айтиш лозимки, туман ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан туманда яшовчи ота-она қарамоғидан маҳрум 18-23 ёшгача бўлганлар орасида хатлов ўтказилди ва улардан 1 нафари – Ж.Қаҳҳоров уй-жойга чинакам муҳтож экани аниқланди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги Бағдод тумани “Меҳр дафтари” жамғармасига вояга етмаган Ж.Қаҳҳоров учун иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш мақсадида 137,5 млн. сўм маблағ ажратди. “Халқпарвар” комиссияси аъзолари ушбу маблағ ҳисобига Гулистон шаҳарчасидаги кўп қаватли уйлардан 2 хонали квартира харид қилинишига розилик бердилар.
Маълумот учун, Жаҳонгир 2022 йилда Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси тавсияси асосида талабаликка қабул қилинган ва айни пайтда Фарғона политехника институтининг 2-курс талабаси ҳисобланади.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.