Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Кексалар саломатлиги ҳамиша эътиборда
2023-09-14 17:55:09 241
Бағдод тумани кўп тармоқли марказий поликлиника патронаж ҳамшираси Ферузахон Қосимова кунлик фаолиятини ҳудуддаги ёши улуғ нуронийларнинг саломатлигини бирров кўздан кечириш билан бошлайди. Ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, эл ишига камарбаста бўлиш ҳамширанинг ҳаёти мазмунига айланган.
Шодлик кўчасидаги 20-хонадонда яшовчи Манзурахон ая Отажонова 83 ёшда. Кексалик-да: юқори қон босими онахонни тез-тез безовта қилиб туради. Ана шунақа пайтларда Ферузахоннинг руҳий далдалари, тиббий муолажалари-ю аниқ ва асосли тавсиялари Манзура аяга қўл келади.
Фаришта юзли бу онахон – қатағон қурбонларидан бири бўлган марҳум Ваҳобжон ота Жалиловнинг турмуш ўртоғи. Ҳали-ҳамон бардам-тетик Манзура ая фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни арафасида туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов онахоннинг файзли хонадонида меҳмон бўлган, ҳудудлардаги патронаж ҳамширалари кексалар саломатлигидан доимий равишда хабардор бўлиб туриши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди.
- Умумий амалиёт ҳамшираси – оила ҳамшираси ҳам ҳисобланади, - дейди КТМП катта ҳамшираси Шарофатхон Содиқова. - У ўзининг амалий ва назарий билимларига таянган ҳолда, бемор ҳамда унинг оила аъзолари билан ишончли мулоқот ўрнатиши, янги замонавий тиббий асбоб-ускуналарни қўллай билиши, шунингдек, муолажаларни малакали бажара олиши керак. Ҳамкасбимиз Ферузахон Қосимова бу борада кўпчиликка ўрнак бўлиб келмоқда.
Бағдод тумани ҳокимиги Ахборот хизмати.