Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдодда 220 млн. сўм миқдорида субсидия маблағлари йўналтирилиши ҳисобига 43 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди
2023-09-14 17:59:29 273
Маҳбуба Абдураҳмонова - Бағдод туманининг "Қаҳат" маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Ишсизлиги сабабли "Аёллар дафтари"га олинган. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан касб-ҳунарга ўқитиш марказида пазандалик сир-асрорларини пухта ўзлаштирган ва тегишли сертификатни қўлга киритган Маҳбубахон эндиликда ўз бизнесини йўлга қўймоқчи. Бунинг учун унга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан субсидия асосида электр печи берилди.
- Маҳалламизда камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди, - дейди "Қаҳат" МФЙ ҳоким ёрдамчиси Авазбек Имомов. - Жорий йил бошидан буён 46 нафар фуқарога жами 837 млн. сўм кредит маблағлари, 3 нафар фуқарога субсидия асосида тикув машинаси берилган бўлса, 28 нафар фуқаро доимий ва мавсумий ишларга жойланди. Бугун эса Маҳбуба Абдураҳмонова ва яна 2 нафар фуқаромизга электр печи берилиб, бандлиги таъминланди.
Мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, уларнинг мавжуд муаммо ва камчиликларини ҳал этиш, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, барча ҳудудларда "Аёллар дафтари"нинг юритилиши ҳар бир хотин-қизнинг тақдири давлатимиз эътиборида эканидан далолат.
Бағдод туманида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари, таклиф ва истакларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, бугун туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан субсидия тариқасида электр печлари берилиши ҳисобига 43 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Шу муносабат билан ташкилланган тадбирда туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов, сектор раҳбарлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда тегишли масъуллар қатнашди.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.