Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ташаббусли бюджет” самараси: Қаҳатда янги барпо этилаётган ОШП биноси октябрь ойида фойдаланишга топширилади
2023-09-18 16:42:40 261
Бағдод туманининг “Қаҳат” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томонидан “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги 1-мавсумида ҳудудда бирламчи тиббиёт муассасаси биносини қуриш бўйича таклиф киритилган эди. Якунда 4 минг 280 та овоз тўплашга муваффақ бўлган ушбу таклиф, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, ғолиб деб топилган. Табиийки, бу маҳалла аҳлининг чексиз қувончига сабаб бўлди.
Айни кунларда мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида ишлар қизғин давом этмоқда. “Шуҳратжон” хусусий корхонаси қурувчилари ғишт теришни якунлаб, энди электр-монтаж ва сувоқ ишларини бошладилар.
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Авазбек Имомовнинг айтишича, ҳудудда оилавий шифокорлик пунктининг қурилиши нафақат “Қаҳат”, балки қўшни “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини яшовчи аҳоли учун ҳам қувончли. Сабаби, бу яқин-атрофда бирламчи тиббиёт муассасаси мавжуд эмас, фуқаролар биргина эмлама учун ҳам 4-5 чақирим йўл юриб, 5-сонли “Чуваланчи” оилавий поликлиникасига қатнайди. Маршрутли транспорт қатновининг йўқлиги – яна битта муаммо. Хуллас, ҳомиладорлар, ёш болали аёллар ва ёши улуғ кишилар тиббий кўрикдан ўтиш ёки шифокор маслаҳатини олиш учун анчагина заҳмат чекишларига тўғри келаётган эди.
Қурилиши бошланган оилавий шифокорлик пункти “Қаҳат” ва “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи 7 минг 126 нафар аҳолига хизмат кўрсатиши белгиланган. Муассаса қурилиб фойдаланишга топширилгач, табиийки, қўшимча штат бирликлари ажратилади; 5-сонли оилавий поликлиниканинг “юк”и сезиларли даражада енгиллайди; тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ортади; фуқароларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммо ижобий ечим топади; ва умуман олганда, тиббий хизмат аҳолига янада яқинлаштирилади.
Маълум қилинишича, янги ОШП биноси октябрь ойи сўнггига қадар фойдаланишга топширилади.
Қаҳатликларнинг чеҳрасида шод-у ҳуррамлик, қалбида шукроналик уфуриб турибди: зотан, “Ташаббусли бюджет” уларнинг жонига оро кирди, оғирини енгил, узоғини яқин қилди.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.