Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Инсон қадри учун: чет элда оғир ижтимоий вазиятда қолган мигрант аёл ва унинг фарзанди Ватанга қайтарилди
2023-09-26 15:43:19 864
Россия Федерациясининг Пермь ўлкасида оғир ижтимоий вазиятда қолган Буробия Иброҳимова ва унинг 3 яшар фарзанди Бағдод тумани ҳокимлиги ҳамда саховатпеша инсонлар кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди.
Буробия ўтган йили турмуш ўртоғи билан бирга ишлаш учун Пермга кетганди. Аммо миграцияга оид қонунчилик талабларининг бузилиши оқибатида турмуш ўртоғи жавобгарликка тортилгач, ёш жувон вояга етмаган фарзанди билан ишсиз, пулсиз, ётоқ-жойсиз – жуда ночор аҳволда қолди.
Ягона нажот – она Ватанга қайтиш эканини англаган Буробия Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Пермь ўлкаси ва Удмуртия Республикасидаги расмий идорасига мурожаат қилди. Идора вакили, ўз навбатида, Б.Иброҳимованинг яшаш манзили маъмурий бошқаруви – Бағдод тумани ҳокимлигининг тегишли масъуллари билан боғланиб, вазиятдан бохабар қилди.
Туман ҳокими Юсуфжон Хусаиновнинг ташаббуси ҳамда саховатпеша инсонлар кўмагида етарлича хайрия маблағи жамғарилиб, Буробия ва унинг фарзанди учун авиачипта харид қилинди. Шу тариқа, она-бола Пермь-Наманган авиарейси билан Ўзбекистонга қайтарилди. Уларни Наманган халқаро аэропортида туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Тўлқиной Тожиева кутиб олди.
- Бошимизга оғир ва синовли кунлар тушган маҳалда давлат бизни ҳимояга олди, яхши инсонлар кўмаги билан юртга қайтиб кеволдик. Президентимиздан, миграция агентлиги ходимларидан, Бағдод тумани ҳокимлиги ва менга ёрдам кўрсатган кишилардан бир умр миннатдорман, - дейди яқинлари дийдорига ошиқаётган Буробия.
Тўлқиной Тожиевага кўра, яқин кунларда Буробиянинг доимий бандлиги таъминланади.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.