Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 5 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига

×

 2018-12-10 10:33:58    1836

PDF yuklash
Chop etish


Қадрли ватандошлар!

Муҳтарам деҳқон ва фермерлар!

Аввало, барчангизни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни билдиришга рухсат этгайсиз.

Ўз ишининг моҳир устаси бўлган сиз, азизларнинг фидокорона меҳнатингиз самарасини ҳар куни ўз дастурхонида кўрадиган халқимиз бу йилги мавсум қандай оғир ва мураккаб кечганини яхши билади. Ҳақиқатан ҳам, табиат инжиқликлари – баҳорнинг қуруқ келгани, кутилмаган жала ва бўронлар, ёз фаслидаги кучли сув танқислиги, жазирама иссиқ, турли ҳашарот ва касалликлар экин-тикинларга катта хавф туғдиргани, кузда эса ёғин-сочинларнинг барвақт бошлангани мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди. 

Ана шундай қийинчиликларга қарамасдан, юртимиз бўйича 6 миллион 124 минг тонна ғалла, 2 миллион 300 минг тонна пахта, 8 миллион 661 минг тонна сабзавот, 2 миллион 411 минг тонна картошка, 1 миллион 607 минг тонна полиз маҳсулотлари, 2 миллион 100 минг тоннага яқин мева, 1 миллион 314 минг тонна узум, 18 минг тонна пилла, 1 миллион 789 тонна гўшт, 7 миллион 830 минг тонна сут тайёрлашга эришганингиз таҳсинга лойиқ. Мухтасар айтганда, жами бўлиб 58 триллион 181 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирганингиз йил давомида қилган мардона меҳнатингиз маҳсулидир.

Жорий мавсум охирлаб, йил натижалари сарҳисоб қилинаётган мана шу қутлуғ айёмда сизларга, барча қишлоқ аҳлига ана шундай олижаноб меҳнатингиз учун ўз номимдан, халқимиз номидан катта раҳматлар айтиб, чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

Азиз дўстлар!

Сизларга яхши маълумки, юртимизда кейинги икки йилда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам муҳим дастурлар, “йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, деҳқон ва фермерлар, дала ишчилари меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш мақсадида давлат эҳтиёжи учун харид қилинадиган пахта ва ғаллани молиялаштириш тартиби ўзгартирилгани, Ўзбекистон тарихида биринчи марта фермерлар ўз маблағларини мустақил сарфлаш ҳуқуқига эга бўлганини таъкидлаш лозим.

Бу йилги мавсумда ғалла етиштирадиган фермерларга 1 триллион 33 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 142 фоиз, пахтачилик хўжаликларига эса 5 триллион 138 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 2,4 марта кўп имтиёзли кредитлар ажратилгани соҳа ривожига юксак эътибор намунасидир.

Ушбу тармоққа бозор механизмлари, хўжалик юритишнинг агрокластер тизими жорий этилаётгани, илгари эътиборимиздан четда бўлиб келган замонавий иссиқхоналар, балиқчилик, асаларичилик, қизилмия, заъфарон, қалампир, саримсоқпиёз, тўқсонбости усулида сабзавот етиштириш, паррандачилик, йилқичилик, томорқа хўжаликлари каби йўналишлар жадал ривожланаётгани туб таркибий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Буларнинг барчаси  қишлоқ хўжалигини маҳаллий ва чет эллик инвесторлар учун тобора жозибали, истиқболли тармоққа айлантирмоқда.

Айни вақтда қишлоқларимиз қиёфасини тубдан янгилаш, уларни обод қилиш, қишлоқ аҳли учун замонавий шароитлар яратиш бўйича ҳам кўп иш қилинмоқда. Жумладан, арзон уй-жойлар дастури доирасида бу йил қишлоқларимизда 28 мингта уй-жой барпо этилиб, ўз эгаларига топширилди. Бундай уй-жойлар учун дастлабки тўлов миқдори 25 фоиздан 15 фоизга, кам таъминланган оилалар учун эса 10 фоизга туширилди.

Бу йил “Обод қишлоқ” дастури доирасида 159 та тумандаги 416 та қишлоқда катта ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Натижада 2 миллионга яқин аҳолимиз учун янги уй-жойлар, табиий газ, электр, ичимлик суви тармоқлари, равон йўллар, мактаб ва боғчалар, шифо масканлари, маданият ва спорт иншоотлари, бир сўз билан айтганда, муносиб ҳаёт шароитлари яратилгани, ҳеч шубҳасиз, барчамизни хурсанд қилади ва келгусида бу ишларни янада катта кўлам ва кенг миқёсда давом эттиришга руҳлантиради. 

Қадрли юртдошлар!

Ҳаммамиз яхши тушунамизки, ҳозирги пайтда олдимизда ҳал қилишимиз лозим бўлган ғоят муҳим вазифалар турибди. Аввало, жорий мавсумнинг аччиқ тажрибасидан келиб чиқиб, юқори самара бермаётган пахта ва ғалла майдонларини қисқартиришни изчил давом эттириш зарур.

Пахта ва ғалладан бўшаган майдонларда экспортбоп, ички ва ташқи бозорда талаб катта бўлган экинлар экиш, бошқача айтганда, ҳар бир хўжалик ва туманнинг ихтисослашувини қайта кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилишимиз, кўп тармоқли фермер хўжаликлари, томорқа майдонлари самарасини оширишга қаратилган ишларимизни кучайтиришимиз керак.

Қишлоқ хўжалигида чидамли, эртапишар, серҳосил экин навларини яратиш, чорвачиликда наслчиликни яхшилаш, энг катта бойлик бўлган ер ва сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, уруғчиликни ривожлантириш эътиборимиз марказида туриши лозим.

Келгуси йилда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида Давлат бюджетидан қарийб 1,7 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 84 миллион доллар миқдоридаги маблағини йўналтириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.

Бунинг учун Тошкент вилоятида жами 45 миллион куб метр сув йиғиладиган “Паркентсой”, “Қизилсой”, “Тоштепа”, Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Караман”, Қашқадарё вилоятида “Гулдара”, “Аяқчисой”, Самарқанд вилоятида “Булунғур” сув омборлари барпо этилади.

Келгуси икки йилда эса 1 миллион 200 минг гектар ернинг сув таъминоти барқарорлаштирилади, йилига 1 миллиард 700 миллион куб метр сув тежалади ва 600 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Биз учун ўта муҳим вазифа – қишлоқ хўжалиги учун юксак билим ва малакага эга бўлган олий ва ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришимиз лозим. Бу борада хориждаги етакчи олий ўқув юртлари билан бирга қўшма факультетлар ташкил этиш, яқинда иш бошлаган “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали агро соҳа мутахассисларини, ёш кадрларни ривожланган хорижий мамлакатларда ўқитишга алоҳида аҳамият беришни замоннинг ўзи талаб этмоқда.

Келгуси йили қишлоқ хўжалигида 1 миллиард 870 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланаётгани бу соҳадаги ишларимизнинг ҳажми ҳам, масъулияти ҳам нақадар юксак эканидан далолат беради.

Ўз олдимизга қўйган улкан вазифаларни адо этиш, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимиз дастурхонини фаровон қилишдек олижаноб мақсад йўлида ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз, Ўзбекистоннинг барча қишлоқ хўжалик ходимлари бор билим ва тажрибаларини, куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этиб, ўзларини аямасдан меҳнат қиладилар, деб ишонаман.  

Азиз дўстларим, ватандошларим!

Сизларни яна бир бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин дилдан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, ишларингизга янги-янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Умрингиздан, меҳнатингиздан барака топинг!

Кириб келаётган янги – 2019 йилда ҳосилимиз янада мўл бўлсин!

Қабул қилаётган барча режа ва дастурларимиз ижобат бўлсин!

 

                                                                                                                                                           Шавкат Мирзиёев,
                                                                                                                                           Ўзбекистон Республикаси Президенти