Олий Мажлис Сенати пайшанба куни 17-ялпи мажлисда 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири. Сенаторлар олдида бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров сўзга чиқди.
2019 йилда Давлат бюджети даромадлари 102,6 трлн сўм миқдорида прогноз қилинмоқда, бу эса 2018 йилга нисбатан 38% ўсишни англатади. Давлат бюджети харажатлари эса 107,1 трлн сўмни (+36,4%) ташкил этади.
Ижтимоий соҳага Давлат бюджетидан сарфланадиган харажатлар 57,8 трлн сўмдан ортиқни ёки барча харажатларнинг 54 фоизини ташкил этади (+34,4%). Бунда таълимга сарфланадиган харажатлар аввалги йилга нисбатан 25,5 фоизга ошади ва 28,4 трлн сўмни ёки барча харажатларнинг 49 фоизини ташкил этади.
Соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатлар 2018 йилга нисбатан 30,5 фоизга ошади ва 12,1 трлн сўмни ёки барча харажатларнинг 11,3 фоизини ташкил этади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсациялар тўлаш учун сарфланадиган харажатлар 5,2 трлн сўмни ташкил этади (+61,8%).
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари доирасида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 478 та аҳоли пунктида яшаш шароитларини яхшилашга 6,3 трлн сўм йўналтирилади. 2019 йилда Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1% миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Кейинги йилда иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий тўловлар ва стипендияларни ҳар ярим йилда аввалги йилдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорда ошириш таклиф этилди. 2019 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий нафақалар миқдорларини мутлақ суммада белгилаш назарда тутилмоқда.