Ўзбекистон Президенти «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишни имзолади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Фармойишга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга бағишланган ватанпарварлик ойлигини 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январга қадар ўтказиш бўйича тадбирлар дастури тасдиқланди.
Бу сафарги байрам тадбирлари ташкилий жиҳатдан олдингиларидан маънан ва мазмунан фарқ қилиши кўзда тутилган. Ишчи гуруҳ ҳарбий-маъмурий секторлар билан ҳамкорликда дастурда белгилаб берилган байрам тадбирларини «Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» деган умумий ғоя остида ташкилий жиҳатдан юксак савияда амалга ошириш, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари томонидан ўзлари таҳсил олган олий таълим муассасалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида «Мардлик ва жасорат» мавзусидаги дарслар ўтказиши белгиланган.
Хусусан, «Ватанпарварлик ойлиги» давомида «Ҳарбий-ватанпарварлик карвонлари"нинг таълим муассасаларига ташрифини уюштириш, ўспирин ёшлар ўртасида «Мен, албатта ҳарбий бўламан!» танловини ўтказиш, Ёшлар ўртасида «Ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги «Энг яхши селфи» танловини ташкил этиш, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги «Энг яхши маҳалла» ва «Энг яхши Жасорат клуби» танловини ўтказиш каби кўплаб вазифалар кўзда тутилган.