Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 декабрь куни янги қабул қилинган солиқ сиёсати концепциясини амалиётга тўлиқ татбиқ қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистонда ҳозиргача амал қилиб келинаётган солиқ маъмуриятчилигида кўплаб ноаниқликлар борлиги бизнес, тадбиркорлик, инвестиция соҳалари равнақига тўсиқ бўлаётган эди. Ставкаларнинг юқорилиги инсофли солиқ тўловчиларни қийнаб келарди.
Мисол учун, корхона фойдасидан қатъи назар, товар айланмасидан 3,2 фоиз миқдорида давлат мақсадли жамғармаларига ажратма тўлаб келинган. Бу солиқ юки корхона даромадининг камида 21 фоизига тенг бўлиб, уларнинг рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришига халал берарди.
Бу каби муаммоларни бартараф этиш, солиқ юкини камайтириш ва чинакам бозор иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди.
Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида қабул қилинган ушбу концепцияда бизнес учун жуда катта имкониятлар, халқаро даражадаги қулай шароитлар назарда тутилган.
Хусусан, келгуси йилдан бошлаб солиқ турлари 19 тадан 15 тагача қисқармоқда. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.
Яна бир муҳим жиҳати, энди солиқ ставкалари аввалгига ўхшаб кескин ўзгарувчан бўлмайди. Бу инвесторларга узоқ муддатли бизнес лойиҳаларини режалаштиришда қийинчилик туғдирмайди.
Янги солиқ концепциясида, юқорида қайд этилган, товар айланмасидан ажратма тўлаш тартиби ҳам бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида йирик корхоналар ўз ихтиёрида 5 триллион сўмдан ортиқ маблағларни сақлаб қолади.
Шу каби енгилликлар туфайли Халқаро валюта жамғармаси солиқ тизимининг ислоҳ этилишини Ўзбекистоннинг энг катта ютуқларидан бири деб эътироф этди.
Бир сўз билан айтганда, солиқ маъмуриятчилигида янги тизим яратилди. Навбатдаги вазифа уни амалиётга тўлиқ татбиқ қилишдир.
Видеоселектор йиғилишида бу тизимни оқилона йўлга қўйиш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилди.
2019 йил 1 январдан бошлаб, ходимлар сонидан қатъи назар, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган субъектлар умумбелгиланган солиқ тўловига ўтади.
Шу ўринда, нима учун умумбелгиланган солиқ тўловчилари сонини кўпайтиришга қарор қилинди, деган табиий савол туғилади.
Чунки ягона солиқ тўловчи билан умумбелгиланган солиқ тўловчилар ўртасида солиқ юкидаги фарқ ҳаддан ташқари юқори бўлиб, бу кичик бизнеснинг йириклашувини рағбатлантирмайди. Дунёга машҳур «Адидас», «Найк», «Индезит», «Кнауф» каби брендлар ўз вақтида кичик оилавий корхона бўлган ва ушбу рағбат туфайли йирик компанияларга айланган.
Шулар ҳақда фикр юритар экан, президент «Ўзбекистонда қачон шундай йирик брендларга эга бўламиз?», дея савол қўйди.
Умумбелгиланган солиқларни ҳисоблаш бўйича ҳудудий солиқ органлари ходимларининг малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш, тадбиркорлик субъектлари бухгалтерларини бунга тайёрлаш кераклиги таъкидланди.
Солиқ органлари ходимларини бириктириб, умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган корхоналарда тушунтириш олиб бориш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берилди. Йирик акциядорлик жамиятлари ва хўжалик бирлашмалари Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари билан биргаликда ўз тасарруфидаги корхоналарнинг масъул ходимлари учун семинар-тренинглар ўтказиши зарурлиги қайд этилди.
— Умумбелгиланган солиқ ҳисобланиши ва юритилишида энг мураккаб тўлов тури бу қўшилган қиймат солиғидир, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бу борада енгиллик яратиш учун уни икки йил мобайнида босқичма-босқич жорий этишни режалаштирганмиз.
Жумладан, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан 3 миллиард сўмгача бўлган корхоналар қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда соддалаштирилган тартибда тўлайди.
Яъни, корхоналар сотиб олинган товарлар бўйича алоҳида ҳисоб-фактура юритмайди ва солиқни товар айланмасидан келиб чиқиб, соҳалар кесимида табақалашган ҳолда тўлайди.
Йиғилишда бу ишларни тўғри ташкил этиш учун замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, юридик шахсларни зарур компьютер дастурлари билан таъминлаш, ҳисобчиларни тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Солиқ тўловчилар юзага келадиган барча тушунмовчиликларга жавоб топиши учун «Савол ва жавоб» интернет саҳифасини ҳамда кечаю кундуз ишлайдиган «Колл центр"лар фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари қўшилган қиймат солиғини кичик бизнесга ҳам жорий этиш натижасида нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Мутасаддиларга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда яратилаётган қўшилган қийматга солиқларни жорий этиш орқали нархни тўғри шакллантириш, унинг асоссиз равишда ошиб кетмаслигини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Янги солиқ тизимида норасмий фаолиятни легализация қилиш бўйича бир қатор янгиликлар киритилди. Жумладан, фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга туширилиб, тадбиркор фақат даромад олсагина тўланиши белгиланди. Норасмий бандликни камайтириш мақсадида иш ҳақидан 30 фоизгача олинадиган даромад солиғи ўрнига ягона 12 фоизлик солиқ тури киритилди ва 8 фоизлик суғурта бадали умуман бекор қилинди. Бизнес ҳамжамияти учун оғир юк бўлиб келаётган ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ҳам 30 фоизга пасайтирилди.
Йиғилишда солиқ йиғувчанлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Солиқ ходимлари иши қониқарли эмаслиги, жойларда солиқ қарзи сақланиб қолаётгани таъкидланди.
Тегишли ташкилотларга солиқ тушумини тўла таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Солиқ маъмурчилигини юритишда мавжуд бюрократик тўсиқлар экспортёрлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, маҳсулотини экспорт қилаётган ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзларининг қўшилган қиймат солиғи суммаси қоплаб берилиши учун бир неча ойлаб овора бўлиб, туман, вилоят ва республика солиқ идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Шу боис президент қўшилган қиймат солиғини ўн кун муддатда қоплаб беришни назарда тутувчи соддалаштирилган тартибни жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
— Янги солиқ кодекси солиққа тортиш бўйича барча тартиб, механизм ва услубларни тўлиқ қамраб олиши, ҳамма учун тушунарли бўлиши керак. Бу ишлар адолатли ва рағбатлантирувчи солиқ тизимини яратиш бўйича қўйган биринчи қадамларимиздир, — деди давлат раҳбари.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди.