Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
КУЗ-ҚИШ МАВСУМИ ЯҚИН. ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ БУНГА ТАЙЁРМИ?
2019-08-15 09:57:17 1311
Ижтимоий соҳа объектларида 2019-2020 йиллар куз-қиз мавсумига тайёргарлик ишлари туман ҳокимлигининг доимий назоратида. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муассасаларни куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ижроси бўйича мониторинг олиб борилмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов кеча, 14 август куни масъуллар билан учрашиб, мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар ҳисоботи билан яқиндан танишди. 1-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган йиғилишда туман халқ таълими бўлими мудири Тўлқиной Тожиева, таълим муассасалари раҳбарлари ва уларнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари қатнашди.
Маълум қилинишича, мавжуд зиё масканларини таъмирлаш, қайта жиҳозлаш ишлари деярли якунланиб қолди, бироқ айрим мактабларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида айрим камчиликлар бор. Масалан, 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқув бинолари ҳамда марказлашган қозонхона оралиғидаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари изоляцияланмаган, бинонинг иккинчи қаватидаги ўқув хоналари етарли даражада иситилмайди, айни пайтда фойдаланишда бўлган радиаторлар таъмирталаб аҳволда. 8-умумий ўрта таълим мактабида эса совуқ мавсум учун ўтин заҳираси тўлиқ яратилмаган. Шунингдек, маълум муддат аввал 15-умумий ўрта таълим мактаби учун 2 та янги кичик иситиш печи келтирилган бўлса-да, улар ҳали-ҳануз ўрнатилмаган. 53-умумий ўрта таълим мактаби ўқув бинолари куз-қиш мавсумида 4 та кичик иситиш печи орқали иситилади, бироқ уларнинг 2 таси мутлақо таъмирталаб, кўмир сақлаш омборхонаси мавжуд эмас, қолаверса, ҳожатхона ҳам яроқсиз аҳволда. Туманнинг энг чекка ҳудудларидан бўлган Янгиобод қишлоғидаги 50-умумий ўрта таълим мактаби масъуллари шу кунга қадар кўмир ва ўтин заҳираларини яратишни пайсалга солиб келмоқда. Янада ачинарлиси, 38-, 12-умумий ўрта таълим мактаблари филиаллари ҳамда 13-умумий ўрта таълим мактабининг қўшимча ўқув биносида иситиш тизими мутлақо йўқ, 39-умумий ўрта таълим мактаби филиалидаги иситиш тармоқлари эса яхши ишламаяпти.
Туман ҳокими А. Турсунов ушбу камчиликларни бирма-бир таҳлил қилар экан, бу бўйича мактаб директорлари ва хўжалик мудирларининг масъулиятини янада ошириш лозимлигини таъкидлади.
- Бола ўз уйида, ота-онасининг бағрида ўзини қандай хотиржам сезса, мактабда ҳам шундай бўлиши керак, - деди туман ҳокими. – Ўқув хонаси етарли даражада иситилмаяптими, демак, эртага ўқувчи шамоллайди, ўқитувчи иситмалайди. Бу ҳолат, ўз-ўзидан, давоматга, таълим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Биз буни истамаймиз! Мактабнинг биринчи қавати ҳам, иккинчи қавати ҳам, спорт ва фаоллар залигача – ҳамма-ҳаммаси бирдек иситилиши шарт! Бола синф хонасида пальтосига ўраниб, қунишиб ўтириши керакмас! Қўли қалам ёки ручкани бемалол тутиб турсин, кўзлари тутундан ёшланмасин. Ҳар бир мактаб директори ўз даргоҳида шунга эришиши шарт.
Туман молия бўлими бошлиғи Сардорбек Қорабоевга кўра, таълим муассасаларини жорий куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 млрд. 828 млн. сўм, жумладан, мактабларнинг ташқи ва ички фасадларини ранглаш ҳамда том қисмларини таъмирлаш учун 170 млн., иссиқлик тизимларини таъмирлаш ва реконструкция ишлари учун 530 млн, шифер ва бошқа турдаги қурилиш маҳсулотлари сотиб олиш учун 534 млн., мебель жиҳозлари сотиб олиш учун 264 млн ва янги иситиш қозонлари хариди учун 330 млн. сўм сарфланган. Шунингдек, муассасаларнинг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида, бунга қўшимча тарзда, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 260 млн. сўм ажратиб берилган.
Йиғилиш якунида туман ҳокими мавжуд камчиликларни саноқли кунларда бартараф этиш юзасидан масъулларга керакли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.