Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ, МАНГУ БЎЛ ОМОН!
2019-08-26 19:33:42 1509
26 август, соат 18:27. Ҳозиргина туманимиздаги Марказий ўйингоҳда ана шу эзгу шиор остида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган байрам тантаналари ниҳоясига етди.
Мустақиллик – бу, энг аввало, ҳуқуқ – ўз юртининг эгаси бўлиш, ўз тақдирини ўзи белгилаш, озод ва бахтли яшаш ҳуқуқидир. Мустақиллик – бу эркинлик – фикрлаш, сўзлаш, эътиқод қилиш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш, касб танлаш, меҳнат қилиш ва орзу-интилишларни амалга ошириш эркинлиги. Мустақиллик – бу ўзлик. Ўз қадр-қимматини англаш, аждодларини таниш ва улуғлаш, ўз инсоний шаъни, ор-номусини баланд тутиш, жаҳон ичра ўз ўрнига эга бўлиш саодатидир. Мустақиллик – бу бунёдкорлик, инсон меҳнатини қадрлаш, рағбат, эътибор ва яна кўпдан-кўп имкониятлар, демакдир. Мустақиллик – бугунги эркин ва фаровон ҳаёт, ҳар қайси миллат тарихида фақат бир марта бериладиган улуғ ва ноёб неъматдир. Шу боис, халқимиз Мустақиллик кунини энг улуғ, энг азиз айём, деб билади. Бу тарихий санани катта шоду хуррамлик билан қарши олади.
Туманимизда байрам тантаналари ўтиши мўлжалланган Марказий ўйингоҳ, унга туташ истироҳат боғи, йўллар ва бинолар байрамона безатилган, рангин байроқчалар майин тебранади. Хушсурат ва хушкайфият одамлар ўйингоҳ томон ошиқадилар. Бир гуруҳ китобхонлар – улар орасида ёшлар ва турли соҳа эгаларини учратиш мумкин – байрам муносабати билан ташкилланган, 200 номдан зиёдроқ янги китоблар ярмаркасида ўзларига манзур адабиётларни саралаш билан банд...
Чорлов мусиқаси байрам шодиёнаси бошланаётганидан дарак беради.
Туман ҳокими Алибек Турсунов тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан байрам табригини йўллади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди. Байрам аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мамлакатимизнинг Бош қўшиғига жўр бўлади. Бу манзарага боқиб, юраклар тўлқинланади, ғурурга тўлади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, бу айёмга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрилди. Бағдодликлар ҳам бу кунни янги муваффақиятлар ва янги умидлар билан кутиб олмоқда. Юртимиз гўзаллиги ва тараққиётига боқиб, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!”, дея хурсандчилик қилмоқдалар. Зеро, хурсанд бўлиш учун барча асосларимиз бор – мамлакатимиз тинч-осойишта, шаҳару қишлоқларимиз обод ва фаровон, одамларнинг кайфияти кўтаринки, хонадонлари файзу баракали, дастурхони тўкин, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкам, жондан азиз севганимиз – Ўзбекистон ўзи танлаган тараққиёт йўлидан дадил бормоқда...
Саҳнага шириндан-ширин болажонлар чиқиб келади. Ўйингоҳ шўх-шодон кулгуга тўлади. Улар – истиқлол йилларида туғилиб ўсган, қалби ва онгги тоза авлод, юз-кўзларида қувонч, дилларида олам-олам орзулар. Куй-қўшиқлари ҳам шунга монанд – бахт, шодлик, ёруғ келажак ҳақида.
Хушовоз санъаткорлар томонидан ишро этилган қўшиқлар миллий ва умумбашарий қадриятларимиз, мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқларни тараннум этади.
Мамлакатимиз ривожлангани сари аҳолининг ҳаёт сифати ва даражаси ҳам тобора юксалиб бормоқда. Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Йирик шаҳарларимиз бош режа асосида қайта қурилмоқда, янгидан-янги маданият ва спорт саройлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим ва тиббиёт мажмуалари чекка-чекка қишлоқлар чиройига чирой қўшаётир. Энг муҳими, бундай ишлар самарасида инсонларнинг яшаши, меҳнат қилиши ва ҳордиқ чиқариши учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Аҳолининг замонавий хизмат ва товарлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Қишлоқларимизда барпо этилаётган замонавий уйлар оилалар фаровонлигини юксалтирмоқда. Бу эса, “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон ва унинг манфаатлари учун” деган эзгу тамойилнинг ёрқин намунасидир.
Дарҳақиқат, инсон бахт учун дунёга келади. Бугун халқимизнинг уй-жойи, яшаши, орзу-интилишларига қараб, бу даъват одамлар қалбидан чуқур жой олгани, уларнинг тафаккури, турмуш тарзи ўзгарганини кўриш мумкин. Ҳар бир соҳада ўзгариш, ривожланиш, одамларнинг уйида, дилида хотиржамлик. Бу мана шу тантаналар шукуҳида ҳам кўриниб турибди.
Байрам тадбирида турли соҳаларда самарали меҳнат қилган бир гуруҳ тумандошларимиз ҳамда интеллектуал салоҳияти, аъло ўқиши, намунали хулқи ва одоби, алоҳида истеъдоди билан ўз тенгқурларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Муҳташам саҳнада Ватанни, севги ва садоқатни, бугунги дориломон кунлар шукуҳини мадҳ этувчи қўшиқлар янграйди. Бу байрам томошасига янада кўтаринкилик, ўзгача жозиба бағишлайди. Ҳамма ич-ичидан шодланиб, жўшиб рақсга тушади. Бу хурсандчилик, шодиёнада бутун халқимизнинг кайфияти намоён бўлади. Зотан, ҳаётидан рози, эртасидан кўнгли тўқ одамларнинг юрагига ўйин-кулгу сиғади. Тинч ва фаровон элга мана шундай байрамлар ярашади.
Байрам тантаналари қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам давом этмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.