Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
КИМОШДИ САВДОСИДА МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ ЧИЗГАН 69 ТА РАСМ 4.988.000 СЎМГА СОТИЛДИ
2019-08-28 14:04:38 1386
Бағдод тумани ҳокимлиги ташаббуси билан туман халқ таълими бўлимида мактаб ўқувчилари томонидан чизилган расмлар ва қўл меҳнати асосида яратилган заргарлик буюмлари кимошди савдоси ташкилланди. Унда 37 нафар истеъдодли ўғил-қиз муаллифлигидаги 69 та асар аукцион иштирокчилари томонидан қарийб 5 миллион сўмга сотиб олинди.
6-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Дилфуза Маҳкамова кимошди савдосида 5 та асарини сотишга муваффақ бўлди. Ҳисоблашича, у чизган расмлар баҳоси умумий ҳисобда 410 мингни ташкил қилган.
- Ўзимга энг ёққан расмларни олиб келган эдим аукционга, - дейди Дилфуза. – Тўғриси, асарларим бу даражада юқори баҳоланишини кутмагандим. Акс ҳолда, шу вақтга қадар тасвирий санъат йўналишида ишлаган 30 дан ортиқ расмимни савдога қўярдим. Қишлоқ манзаралари тасвирланган 2 та расмим 245 минг сўмга, “Тулпорлар” номли асарим 85 минг сўмга, натюмортим 90 минг сўмга, “Қишлоқда қиш” деб аталган асарим эса 50 минг сўмга сотилди. Ташкилотчиларга минг раҳмат!
Эътиборлиси, тадбирда Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов ҳам қатнашиб, савдога қўйилган ижодий ишларни ҳамда ёш муаллифлар истеъдодини юқори баҳолади.
- Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида илгари сурилган 5 муҳим ташаббус ижросига йўналтирилган ушбу тадбирнинг ижтимоий аҳамияти жуда юқори. Биргина аукцион билан 40 нафарга яқин истеъдод эгасини кашф қилдик. Ишонаманки, бу рақам ойма-ой ошиб боради ва биз – давлат органлари ходимлари, тадбиркорлар, умуман, болалар ижодиётига беэътибор бўлмаган инсонлар – уларнинг ҳар бир асарини сотиб оламиз, - деди туман ҳокими.
Туман ҳокими Алибек Турсунов савдога қўйилган 12 номдаги асарни умумий ҳисобда 1 миллион сўмга сотиб олди ва бу ижодий ишлар ҳокимлик биносига кираверишда махсус ажратилган жойда ноёб кўргазмалар қаторида сақланишини билдирди.
Туманнинг 39-умумий ўрта таълим мактаби 10-синфида таҳсил олувчи Дурдона Орзуқулова тасвирий санъат билан 5 йилдан буён мунтазам шуғулланади. У ўз асарларида, асосан, она Ватан ва табиат манзараларини, бахтиёр болалик дамларини ҳамда тарихий обидаларимизни тасвирлашга ҳаракат қилади.
- Бугунги савдода 6 та асарим 355 минг сўмга сотилди, - дейди қувончдан кўзлари порлаган Дурдона. – Жудаям хурсандман, чунки 2 та ишимни шахсан туман ҳокими сотиб олди. Айтишларича, ўша асарларим ҳокимлик биносида сақланаркан – бу мен учун чексиз фахр! Ишлаб топган пулимга тасвирий санъатда зарур бўлган ранг-бўёқ ва бошқа жиҳозларни сотиб олмоқчиман. Насиб қилса, келгуси аукцион учун бундан-да кўпроқ расм ишлайман.
Аукцион доирасида “Мактабим кутубхонасига менинг совғам” шиори остида китоб марафони ҳам ташкилланди. Марафон давомида таълим муассасалари кутубхоналари учун 2 минг 700 дан ортиқ янги чоп этилган китоблар жамғарилди. Шу ўринда яна бир муҳим маълумот: туман ҳокими Алибек Турсунов мазкур марафон доирасида халқ таълими бўлими тизимидаги мактаблар кутубхонаси ҳамда туман марказий кутубхонасининг китоб фондини янада бойитиш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 50 миллион сўм ажратилганини маълум қилди.
Сўнги сўз: туман халқ таълими бўлими мудири Тўлқиной Тожиеванинг айтишича, мактаб ўқувчилари томонидан чизилган расмларнинг навбатдаги аукциони 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами арафасида ташкилланади. Китоб марафони эса эртага ҳам давом этади.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.