Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Уста Анваржон ака ҲУСАНОВ: “ҚЎҚОНДАГИ ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛНИ ОРЗИҚИБ КУТЯПМАН”
2019-09-06 17:52:08 1224
Бағдод тумани қишлоқ ва маҳаллаларида оилавий тадбиркорлик кўлами, хусусан, тикувчилик, бешикчилик, пичоқчилик, зардўзлик сингари ҳунармандчилик турлари билан шуғулланадиган оилалар сони йилдан-йилга ортмоқда. Уларнинг самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилган. Айниқса, “устоз-шогирд” анъанаси асосида олиб борилаётган ишлар натижасида маҳаллалардаги кўплаб ёшлар бўш вақтида ҳунар ўрганмоқда.
“Қоракўл” МФЙ ҳудудида яшовчи ҳунарманд Анваржон Ҳусанов 15 ёшидан буён бешикчилик билан шуғулланади. Унинг маҳсулотлари аллақачон чор тарафда муносиб ном қозониб улгурган. Фарзандини бешикда катта қилишни истаган киши борки, бозордан уста Анварни қидиради: топса – худонинг бергани, топмаса – келаси ҳафтагача кун санайди.
Анваржон ака бешикчиликда учинчи авлод ҳисобланади, ақлини таниган ҳамоно дадасидан шу ҳунарни “ўғирлай” бошлаган. Мактабдан кела солиб устахонага отилган ҳаваскор кўп ўтмай ўзи мустақил иш юрита бошлади. Бешикчиликдаги анъаналарни секин-аста замонавийлаштирди, янги топилмалар билан бойитди. Анорхон опа билан оила қургач эса, чақалоқларга мўлжалланган ёстиқ-кўрпачалар, ёпинчиқлар ҳам хонадоннинг ўзида тайёрланадиган бўлди. Ўша-ўша бу оила миллий ҳунармандчилик билан машғул.
- Ҳунар ўрганиб кам бўлганим йўқ, - дейди Анваржон ака иш устида. – Ҳар ерда ҳурматимиз ортиқ, номимизни, шаънимизни улуғлашади, худога шукр. Маҳалладаям ўрнимиз бор. Шу ёшга қадар нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасини ҳунаримдан кўрдим. Мана, энди фарзандларимга, невараларимгаям ишимни ўргатяпман. Лекин эсимдан чиқмасидан сизга бир гапни айтиб қўяй: ҳунарманднинг бой бўлиб – болтаси, камбағал бўлиб – халтаси йўқ! Бу – ҳунарманд одам бой-бадавлат ҳам, йўқсил-бечора ҳам бўлиб қолмайди, дегани. Шунақа...
Уста Анваржон ака шу ҳунари ортидан фарзандларига тўй бериб, элга дастурхон ёзди, уларни уйли-жойли қилди. 2007 йилда муборак Ҳаж зиёратида бўлиб қайтди. Унинг учун кенг ҳовлининг ҳар бурчаги – устахона: ўзича қўшиқ хиргойи қилиб, ёғочларга ишлов беради, чизади, бўяйди, гул солади. Энг муҳими, эрта-ю кеч севимли иши билан машғул. Шунданми, ҳали-ҳамон ўзини бардам-тетик, қушдек енгил ҳис этади.
- Бешикда ётган бола билан ётмагани яққол фарқланиб туради, мен сизга айтсам, - дейди уста сўзида давом этиб. – Бешикда катта бўлгани ҳар томонлама соғлом бўлади, умртқа поғонаси, оёқ ва қўл суяклари тўғри ривожланади. Айримлар ўйлайдики, бешик боланинг суякларини мўрт қилади, бош мияси чайқалади, яна ундай-мундай, деб. Бўлмаган гап! Ахир оналаримиз: “Бешикдаги болам – бек болам” деб бекор айтишмаган. Эътибор берганмисиз, айрим болаларнинг пути кенг, товони ясси. Хўш, нимага? Шу памперс деган матоҳ фарзандларимиз саломатлигига акс таъсир қиляпти! Ёш оналар кун-у тун боласига пампарс кийдиради. Бунинг натижасида боланинг пути жирилиб қолади. Шунинг учун момоларимиз бизни бешик билан катта қилишган.
Анваржон ака айни кунларда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишлаяпти. Сабаби, 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида ўтажак Халқаро ҳунармандчилик фестивалида уста ўзи ясаган маҳсулотлар билан иштирок этади.
- Шу фестивални интизорлик билан кутяпман, - дейди у ҳаяжон билан. – Тўғри, Ўрта Осиё халқлари учун бешикчилик ҳунари бегона эмас, лекин кўпгина хорижликлар бешик нима, сумак нима – ҳали билишмайди. Фестивал баҳона уларга ҳунаримни намойиш қилиб, би-и-ир ҳайрон қолдирмоқчиман. Менга маъқул тушган томони, фестивал давомида ҳунармандлар махсус ажратилган майдонларда ўз ишини амалда кўрсатиб беришлари мумкин экан. Шунга, ўғиллари билан астойдил тайёргарлик кўряпмиз.
Маълумот ўрнида айтиб ўтайликки, I Халқаро ҳунармандчилик фестивалида бағдодлик 20 нафар ҳунарманднинг иштироки кутилмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.