Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
БАҒДОДЛИК БЕМОР ҚИЗАЛОҚНИНГ ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ УЧУН БИР КУНДА 23 МИЛЛИОН СЎМДАН ЗИЁД МАБЛАҒ ЙИҒИЛДИ
2019-09-07 14:50:27 1431
6 сентябрь куни “Kun.uz” интернет нашри бағдодлик 2 яшар қизалоқ – Маъмурахон Адҳамжонова жиддий хасталик боис ҳозирда зудлик билан даволанишга муҳтож экани ҳақида хабар пайдо бўлди. Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати мазкур хабар юзасидан ўрганиш ўтказиб, қизча ва унинг оиласи ҳолидан хабар олди.
Дастлаб туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Жамолиддин Шерғозиевга учраб, Маъмурахоннинг касаллик тарихи билан қизиқдик.
- Бемор 2007 йилда туманнинг Говхона қишлоғида туғилган ва унга туғма юрак нуқсони, қоринчалараро девор тешиклиги ташҳиси қўйилган, - дейди шифокор биз билан суҳбатда. – Ногиронлиги мавжуд. Бизда сўнгги марта бундан икки ой бурун, шундан кейин вилоят шифохонасида даволанган. У ердаги ҳамкасбларимиз пойтахтдаги шифохонага йўлланма ёзиб беришган ва уларнинг айтишича, қизчанинг саломатлиги оғирлашмоқда, зудлик билан операция қилиниши зарур. Бемор бизда алоҳида рўйхатга олинган ҳамда доимий назоратимизда бўлиб турибди.
Мутахассиснинг тушунтиришича, гўдак туғилган илк кунларда туғма нуқсон катта бўлса, биринчи ҳафтада юрак етишмовчилиги ривожланади. Агар нуқсон кичкина бўлса, чақалоқда узоқ вақт касаллик белгилари кузатилмайди. Кўпчилик беморларда тез чарчаш, юракнинг тез-тез уриши, жисмоний зўриққанда ҳансираш кузатилади. Боланинг ҳаракати сустлашади, дард оғир кечганда беморда ўпка яллиғланиши кузатилади. Хастанинг тери қопламлари оқарган, у жисмоний ривожланишдан орқада қолган бўлади. Беморнинг юрак соҳасида шовқин эшитилади. Бу турдаги касалликни фақатгина жарроҳлик амалиёти билан даволаш мумкин, холос.
Говхона қишлоғидамиз: оддий қишлоқ хонадони. Она-бола токсўрининг соясида ўтирибди. Мавлудахон (беморнинг онаси) бизни очиқ юз билан қаршилади. Ҳол-аҳвол сўраган бўлдик.
- Худога шукр, ўтирибмиз, - деди Мавлудахон бошини қуйи солиб. – Тўғриси, жуда қийин аҳволда қолдик: биттагина фарзандимиз кўзимиз олдида сўлиб боряпти. Чорасизлик қурсин... Икки йилдан бери дўхтирма-дўхтир югурамиз. Шифокорларга минг раҳмат, касалликни эрта аниқлашган экан, вақти-вақти билан даволаниб турибмиз. Лекин туновда Тошкентдаги врачлар кўригида бўлиб қайтдик, аҳвол жиддий, тезда операция қилмасак бўлмайди, дейишди. Аммо... операциянинг нархини айтишганди, ташвишимиз янаям ошди. Ахир шунча пулни қайдан топамиз?..
Суҳбатдошимиз қўлимизга қоғоз тутқазди: номдор клиникалардан бирининг ҳисоб-китоб варақаси. Унда жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун зарур бўлган маблағ қайд қилинган – 35 миллион 860 минг сўм!
- Маҳалладагилар қаровсиз қолдиргани йўқ, албатта, - Мавлудахон гапида давом этди. – Туман ҳокимлиги ҳам ёрдам бериб турибди. Яқинда 5 миллион сўмга 4 бош қўй олиб беришди. Бундан ташқари, қизчамизга ногиронлик нафақаси, икки ёшгача нафақа пули белгиланган – ойма-ой олиб турибмиз. Дадамиз хўжалик ишлари билан машғул. Афсуски, ҳар ой тўплаган пулимиз қизимнинг дори-дармонига аранг етади. Зарур дориларни Ҳиндистондан келтириб беришади, шу билан амаллаб турибмиз. Минг ҳижолатли бўлса-да, операция учун яхшилар ёрдамига муҳтожмиз.
Қизалоққа шифо тилаб, дарвозадан чиқар эканмиз, онаизорнинг: “Илтимо-о-ос, ёрдам беринглар, қизчамнинг ҳаётини сақлаб қолинглар” деган йиғи аралаш овози ич-этимизни ўртади...
Албатта, яхши инсонлар кўп орамизда. Икки оғиз шу ҳақда...
Жадал суръатда оммалашаётган “Телеграм” ижтимоий тармоғида “Bagdad Drivers” канали мавжуд, кўз тегмасин, канал аъзолари кундан кунга ортиб бормоқда. Мазкур канал расмийлари “Kun.uz” интернет нашрида Маъмурахон ҳақидаги хабар пайдо бўлиши билан ўз аъзолари учун навбатдаги хайрия акциясини эълон қилди. Қарангки, орадан бир кун ўтмасидан, Маъмурахон учун банкда махсус очилган ҳисоб-рақамга (банк пластик картасига) келиб тушган маблағ 23 миллион (!) сўмдан ошиб кетган. Саховатпеша ҳамюртларимизнинг беминнат ҳимматидан одамнинг кўнгли ёришади-я!..
Маъмурахон! Яратган умр берса, сен ҳали яшайсан, қизим! Меҳрибон ота-онанг кўзларини қувончга тўлдирасан! Шу она Ватанга кў-ў-ўп нафинг тегади ҳали! Буткул соғайиб, оёққа турганингда, тилларинг бурро-бурро бўлганида, сени ҳаётга қайтарган яхши инсонларга ўзинг раҳмат айтасан. Унгача, сенинг номингдан мен чексиз ташаккур билдираман уларга...
Давлатжон ПОЛВОНОВ,
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати раҳбари.