Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ДАВОМАТ ПАСТЛИГИ УЧУН ҲОКИМ ЭЪТИРОЗ БИЛДИРГАН МАКТАБДА ИИБ БОШЛИҒИ ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗДИ
2019-09-14 12:42:03 1295
12 сентябрь куни Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишиш, педагогик жамоалар ҳамда ўқувчилар масъулиятини ошириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва жойида ижобий ҳал қилиш мақсадида халқ таълими бўлими тасарруфидаги 40-умумий ўрта таълим мактабида бўлган. Афсуски, мазкур зиё масканидаги вазият, хусусан, юқори синф ўқувчиларининг давомати жуда паст экани, айрим ўқитувчилар эса ўқитишнинг эскича услубларидан ҳали-ҳануз воз кеча олмаётгани туман ҳокимининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган эди.
13 сентябрь куни бу даргоҳда туман ИИБ бошлиғи, подполковник Жаҳонгир Ҳасанов юқори синф ўқувчиларининг ота-оналари учун йиғилиш ўтказди.
Йиғилиш аввалида “Қўштегирмон” жоме масжиди имом-хатиби Бекмурод Бойматов сўз олиб, муборак ислом динимизда илм олиш ҳар ким учун фарз амал ҳисобланишини урғулади.
– Пайғамбаримиздан (с.а.в.) бу борада жуда кўп даъватлар қолган, - деди у. – Илму ҳунарни Чин-мочин юртига бориб бўлса-да, ўрганинг, дея биз умматларни бу эзгу ишга даъват қилганлар. Шукрки, бугун билим олиш учун ўзга диёрларга бориш шарт: Ўзбекистонда дунёнинг энг нуфузли ўқув юртлари филиаллари ташкил этилди, ўзимизнинг олийгоҳлар эшиги ҳам илмга чанқоқ талабалар учун ланг очиқ. Қолаверса, қанчадан-қанча янги мактаблар қуриляпти, эскилари замонавий кўриниш оляпти. Бу имкониятлардан унумли фойдаланмасак, фарзандларимиз келажаги учун қайғурмасак, бу ҳол Яратганга ҳам хуш келмайди.
Шундан сўнг туман ИИБ бошлиғи ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.
– Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида назоратсиз юрган вояга етмаганларнинг 194 нафари ИИБ хизмат хоналарига келтирилди, - деди Ж. Ҳасанов. – Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси бўйича 105 нафар ота-онага энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланди. Бундан ташқари, ўз яшаш ҳудудидан ташқарида назоратсиз юрган 11 нафар бағдодлик бола Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Махсус мактабга жойлаштириш учун эса 2 нафар бола туман маъмурий судига юборилди, яна 1 нафари ёпиқ турдаги махсус мактабга жойлаштирилди. Уларнинг барчаси – бизнинг болаларимиз! Қайсидир мактабнинг ўқувчиси, қайсидир ота-онанинг фарзанди! Бу болаларни асраш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, келажакда ҳам ақлан, ҳам жисмонан баркамол бўлиб улғайишларини таъминлаш бизнинг бош мақсадимиз эмасми ахир?!
ИИБ бошлиғига кўра, айни пайтда профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар сони 7 нафарни ташкил этади. Уларнинг 6 нафари сўнгги 8 ой ичида профилактик ҳисобга олинган. Шунингдек, ўз фарзандини муттасил равишда назоратсиз қолдирган 144 нафар ота-она ҳам (уларнинг 105 нафари январь-август ойларида профилактик ҳисобга қўйилган) алоҳида назоратга олинган. Узоқ муддатга чиқиб кетган вояга етмаганлар сони эса 11 нафарни ташкил қилмоқда. Уларнинг барчаси мактаб ўқувчилари экани, албатта, ташвишланарли ҳол.
Сир эмас, ҳозирда кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларининг турли ўқув марказлари ёки репетиторлик курсларига қатнашларини афзал кўрмоқдалар. Бунга ҳеч қандай қонуний тақиқ ёки бирор бир тўсиқ йўқ. Лекин бу, 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълимни сояда қолдириш мумкин, дегани эмас! Амалдаги қонунларимиз талабига биноан, бола белгиланган муддатда мажбурий таълимни ўташи шарт. Ўқув курслари, репетиторлик марказларида таҳсил олиш мактаб дарсларини қолдириш учун сабаб ёки баҳона бўла олмайди! Буни эса, энг аввало, ота-оналар яхши англаб етмоқлари зарур.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам бу борада кескин танқидий фикрлар билдирилди. Муҳими, ҳар ким бундан ўзи учун тўғри хулоса чиқармоғи, эртамиз эгалари бўлган ёшлар таълим-тарбиясига янада жиддий эътибор қаратмоғи лозим.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.