Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ЙЎЛЛАР РАВОН БЎЛСА, ТУРМУШ ФАРОВОН БЎЛАДИ
2019-09-26 15:04:01 1239
Адҳамжон Мирзараҳимов 25 йилдан буён 3-даражали йўлсоз сифатида Ватанимиз равнақин ҳамда халқимиз ҳаёти фаровонлигини янада ошириш йўлидаги бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этмоқда. Бу давр ичида Адҳамжон ака 2 ўғил ва 3 қизни тарбиялаб, вояга етказди. Уларни уйли-жойли қилди, элга қўшди.
– Яна икки йил ишлаб турсам, нафақага чиқаман. Шукр, ортимизда ишимизни давом эттирадиган муносиб шогирдлар бор. Уларга касбимиз сир-асрорларини қунт билан ўргатиб боряпмизки, эртага етук мутахассис, соҳанинг илғор ходими бўлишсин, деган ниятда. Туманимизнинг иқтисодий ривожига озми-кўпми ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман, албатта, - дейди Адҳамжон ака биз билан суҳбатда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда шаҳар, овул ва маҳаллаларни ободонлаштириш, янги уй-жой ва бошқада маъмурий, маиший объектлар қурилишларини жадаллаштириш орқали аҳолига қулайликлар яратиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бундай янгиланишларни равон йўлларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, Бағдод тумани Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси учун ҳам жорий йилда бажарилиши лозим бўлган катта вазифалар белгилаб берилган.
Корхона ишчи-хизматчилари айни кунларда Бағдод шаҳарчасидаги “Бирдамлик” кўчасидан ўтувчи автомобиль йўлида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бормоқдалар. Маълумки, туман марказини Қўқон-Фарғона йўли билан боғловчи мазкур йўл кўпгина муҳим ижтимоий объектлар учун манзил бўлган. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги бир қанча муассасалар, Марказий ўйингоҳ, истироҳат боғи, шунингдек, 17-умумий ўрта таълим мактабига айни йўл орқали борилади. Шу боис, “Бирдамчилик” кўчаси ҳамиша гавжум, автомобиллар қатнови сезиларли даражада юқори. Йўлнинг торлиги, катта-кичик нотекисликларнинг кўплиги эса йўлнинг ўтказувчанлик қобилиятига салбий таъсир кўрсатар, турли кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётган эди.
Бунда бажарилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида корхона раҳбари Йигитали Тиллаевга юзландик. Бизга маълум қилинишича,
- Бу каби бунёдкорлик ишлари ҳаётимиз фаровонлигидан дарак беради, - дейди Й. Тиллаев. – Йўлларимиз текис, манзилларимиз обод бўлса, халқнинг кайфияти ҳам шунга яраша бўлади. Сирасини айтганда, “Бирдамлик” кўчасидан ўтувчи бу йўл ҳақиқатан ҳам анчайин таъмирталаб аҳволда эди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида йўлнинг қатнов қисми эни 7,5 метрдан 10 метрга етказилади ва ўтказувчанлиги сезиларли даражада оширилади. Бундан ташқари, алоҳида пиёдалар йўлакчаси ҳам қуриляптики, бу пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳозирда махсус йўл тўсиқлари (бордёр) ўрнатилмоқда. Бу жараён якунига етгач эса, асфальт ётқизиш бошланади. Маълумотларга қараганда, ушбу йўл 1 октябрь куни узил-кесил фойдаланишга топширилиши айтилмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.