Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ТАҚДИРИДАН МИННАТДОР МУАЛЛИМА
2019-09-30 17:57:27 1171
27 йиллик меҳнат фаолиятига эга бўлган Зилолахон Сулаймонова 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунини икки ҳисса қувонч билан қаршилади. Гап шундаки, узоқ йиллик самарали меҳнати юксак қадрланиб, байрам арафасида муаллима “Шуҳрат” ордени билан тақдирланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, юртимизда таълим соҳасини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ қилиш, чуқур билим ва касб-ҳунарга эга, мустақил фикрлайдиган, иқтидорли, соғлом авлодни вояга етказиш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун мукофотланганлар сафидан тумандошимиз ҳам ўрин олгани чиндан-да қувончли бўлди.
- Бу мукофот мен учун кутилмаган тортиқ бўлди, - дейди муаллима биз билан суҳбатда. – Муҳтарам Президентимизнинг Фармонида ўз исм-шарифимни кўриб, қувончдан севиндим, кўзларимга ёш келди. Меҳнатинг албатта эъзоз топадиган мана шундай гўзал юртнинг фарзанди эканимдан фахрландим. Албатта, бу мукофот менга қўшимча масъулият юклайди – буни жуда яхши ҳис қилиб турибман. Насиб қилса, келгуси фаолиятимда янада жонбозлик билан меҳнат қилиб, ўзимга билдирилган ишончни тўла-тўкис оқлайман.
Зилолахон Сулаймонованинг бу мукофоти 1-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати педагогик жамоасининг ҳам ютуғи ҳисобланади. Улар ўз ҳамкасбларининг кўксини безаб турган медалга ҳавас билан қарамоқдалар, ҳалол меҳнат чиндан-да қадрланишига қайта-қайта амин бўлмоқдалар. Зиё маскани директори Лолахон Мамасолиеванинг бизга маълум қилишича, даргоҳда давлат мукофотига сазовор бўлган ўқитувчилар сони айни дамда 3 нафарга етди.
- Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз, - дейди директор. – Улар мактаб-интернатимиз ифтихорлари саналишади. Зилолахон Сулаймонова бу мукофотда ҳар томонлама муносиб эди. Унинг шогирдларга бўлган самимияти, ҳамкасблар ўртасидаги обрў-эътибори, энг муҳими, касбига бўлган садоқати ва ўзига нисбатан ўта талабчанлиги кўпчилик педагоглар учун ўрнак. Умид қиламизки, мана шундай юксак мукофотларга сазовор ҳамкасбларимиз сони йилдан-йилга ортиб боради.
Зилолахон Сулаймонова айни пайтда 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида ўқувчиларга физика фанидан сабоқ беради. Ўз тақдиридан миннатдор муаллиманинг келгуси фаолиятида ҳам улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.