Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 20 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ТУМАН ҲОКИМИ ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ ЙЎЛЛАДИ

×

 2019-10-01 16:46:41    1131

PDF yuklash
Chop etish


Унда, жумладан, шундай дейилади:


Ҳурматли устозлар, халқ таълими жонкуярлари!

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча гўшаларида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Уларда таълим-тарбия соҳасида кўп йиллар самарали фаолият юритган фахрий устозларга, айни дамда ўз касбини улуғлаб, баркамол ўғил-қизларни вояга етказишдек ўта машаққатли, шу билан бирга, шарафли вазифани фидокорона адо этаётган ўқитувчи ва мураббийларга янада кўпроқ ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Аслини олганда, мактабида таълим ва тарбия жараёнининг доимгидек жўшқинлигини, шогирдлари нигоҳида билимга ташналикни кўрган ўқитувчи учун ҳар бир кун байрам! Замон билан ҳамнафас қадам ташлаётган, фарзандларимиз қалбига бор билими ва меҳрини сингдираётган педагоглар шаънига ҳар қанча илиқ сўз айтсак, иззат-икром кўрсатсак, ярашади!

Барчамизга маълум, кейинги 2-3 йил мобайнида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида малакатимиз таълим тизимида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, мактабгача таълим муассасалари тармоғининг кенгайтирилиши, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтилиши, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг оптималлаштирилиши, нодавлат таълим хизмати кўрсатишнинг йўлга қўйилгани, олис қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам янги таълим даргоҳлари фойдаланишга топширилгани ҳамда мавжудлари таъмирланиб, мутлақо замонавий қиёфа касб этгани, энг асосийси, соҳа ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб, жамиятда ўқитувчининг ўрни, мавқеи юксалиб бораётгани бу ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

Айтиш лозимки, бундай ижобий ўзгаришлар Бағдод туманида ҳам ҳар қадамда кўзга ташланмоқда. Айниқса, жорий йилда таълим муассасаларини Инвестиция дастури асосида таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор берилиб, 20-, 33-умумий ўрта таълим мактаблари бинолари янгидан реконструкция ва капитал таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, туманимиздаги 36-, 37- ва 44-умумий ўрта таълим мактабларида “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, натижада мактабларимиз ҳуснига ҳусн қўшилгани барчамиз учун қувонарли, албатта. Айтиш мумкинки, бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилади.

Ўз навбатида, туманимиз халқ таълими ходимлари кўрсатилаётган давомли эътиборга жавобан ўз ишига янада масъулият билан, замон талабларига мос равишда ёндошаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бунинг натижасида, бу йил бағдодлик битирувчиларнинг 1 минг 300 нафари нуфузли олий ўқув юртлари талабаси бўлишди. Уларнинг 100дан зиёди олий таълимни хорижий давлатларда олаётгани барчамизни қувонтиради. Шунингдек, ўқувчи ёшларимиз фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви” синовларида, спорт турлари бўйича ташкилланаётган барча мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, туманимиз аҳли ҳамда устозларни ҳушнуд этмоқдалар. Бундай улкан ютуқларни биз, аввало, сизлар каби фидойи устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати натижаси сифатида қабул қиламиз.

Бугун мактабларимизда изланувчан, ижодкор, кенг дунёқараш ва тафаккурга эга бўлган педагоглар, соҳанинг асл фидойилари фаолият юритмоқда, десак асло янглиш айтмаган бўламиз. Улар томонидан қайд этилаётган натижалар ҳам кўнгилларга илиқлик улашмоқда. Хусусан, 10-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Нодирахон Қўчқорова, 5-умумий ўрта таълим мактабининг давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Адолатхон Исомиддинова ҳамда 3-ИДУМИнинг биология фани ўқитувчиси Муқаддасхон Эшонхонова “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичидаги муваффақиятли иштироки ҳеч бир бағдодликни беэътибор қолдирмади.

Хабарингиз бор, куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони матбуотда эълон қилинди. Унга кўра, туманимиздаги 1-ИДУМИ физика фани ўқитувчиси Сулаймонова Зилолахон Турғунбоева “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу юксак эътироф нафақат 1-ИДУМИ педагогик жамоаси, балки Бағдодимизнинг кўпминг сонли ўқитувчилари, устоз-мураббийлари учун ўз вақтида берилган баҳо бўлди. Ишонамизки, бугун сафингизда мана шундай чин эътирофга муносиб бўлган ўнлаб, юзлаб ўқитувчи меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида шундай жумлаларни ўқиш мумкин: “Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак” деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз”. Муҳтарам Президентимиз томонидан айтилган ана шу фикрларнинг ўзиёқ сиз азизларга қанчалар юксак даражада эътибор қаратилаётганини тасдиқлайди.

Қадрли устозлар!

Сизларни яна бир бор бугунги қувончли кун билан чин юракдан табриклайман. Сизларга узоқ ум, сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик-тотувлик, фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Машаққатли меҳнатингиз самарасини кўриш барчангизга насиб этсин. Байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!