Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
УСТОЗЛАРГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ
2019-10-03 08:49:14 1262
Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етишида, етук касб-ҳунар эгаси сифатида жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-муаллимларнинг ўрни жуда муҳим. Фидойи, заҳматкаш муаллим-ўқитувчилар ўз шогирдларига билим бериш баробарида улар қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб боради. Турли йўналишларда ўз иқтидори, маҳорати ва билим салоҳияти билан юқори натижаларга эришиб келаётган ўғил-қизларимизнинг муваффақиятлари замирида аввало, азиз устозларнинг заҳматли меҳнатлари мужассам.
Инсон яшар экан, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Мактаб остонасига илк қадам қўйганимизда қўлимизга қалам тутқазиб, алифбони ўргатган биринчи устозимиз сиймосини, бу улуғ зотнинг фидокорона меҳнатини доимо чуқур энтикиш билан эслаймиз ва қалбимизда уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Бағдод тумани халқ таълими бўлими тизимида меҳнат қилаётган фидойи устозлар, меҳнат фахрийлари учун байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирни туман ҳокими Алибек Турсунов табрик сўзи билан очиб, йиғилганларни бугунги қувончли кун билан самимий қутлади.
- Барчамизга маълум, кейинги 2-3 йил мобайнида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида малакатимиз таълим тизимида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди, - деди туман ҳокими ўз сўзида. – Жумладан, мактабгача таълим муассасалари тармоғининг кенгайтирилиши, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтилиши, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг оптималлаштирилиши, нодавлат таълим хизмати кўрсатишнинг йўлга қўйилгани, олис қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам янги таълим даргоҳлари фойдаланишга топширилгани ҳамда мавжудлари таъмирланиб, мутлақо замонавий қиёфа касб этгани, энг асосийси, соҳа ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб, жамиятда ўқитувчининг ўрни, мавқеи юксалиб бораётгани бу ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида ўқитувчи-мураббийлар шаънини яна бир карра улуғлаб, уларга юксак ишонч билдирди. Бу эса, ўз навбатида, комил инсон тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилаётган улуғ зотларни чексиз-чегарасиз қувонтирди, албатта.
Тадбир давомида, Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланган 1-ИДУМИ физика фани ўқитувчиси Зилолахон Сулаймонова, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида муваффақиятли қатнашган 10-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Нодирахон Қўчқорова, 5-умумий ўрта таълим мактабининг давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Адолатхон Исомиддинова, 3-ИДУМИнинг биология фани ўқитувчиси Муқаддасхон Эшонхонова, шунингдек, соҳада олиб бораётган намунали фаолияти, эришган юксак натижалари инобатга олиниб, бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийларга вилоят ва туман ҳокимликларининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентимининг тумандаги “Халқ қабулхонаси” мудири Фазлиддин Очилдиев, туман прокурори Мирзобедил Назаров, туман ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Ҳасанов ва бошқа расмийлар қатнашган байрам тадбирида элимиз ардоғидаги санъаткорларнинг ҳар бир чиқиши даврага файз, дилларга кўтаринкилик улашди.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.