Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 21 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ПАХТАОБОД – ОБОД МАНЗИЛГА АЙЛАНДИ

×

 2019-10-14 17:08:35    1243

PDF yuklash
Chop etish


Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзини янада юксалтириш, одамларнинг яшаш шароитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётир. Туманимиздаги “Пахтаобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Айни кунларда ушбу маҳаллани энг гўзал ва обод гўшага айлантириш мақсадида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

- Маҳалламизнинг замонавий қиёфаси барчамизни қувонтирмоқда, - дейди биз билан суҳбатда маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ваҳобжон Зияев. - Белгиланган режа асосида маҳалла ҳудудидаги аҳоли турар жойларининг 149 тасида том ва ташқи фасад қисмлари тўлиқ қайтадан таъмирдан чиқарилиб, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратилади. Маҳалла ҳудудида жойлашган маиший соҳа объектларида ҳам жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Шунингдек, маҳалланинг 4,3 километр масофадаги ички йўллари асфальтланди, 6 милометр масофадаги оралиқ йўлларга шағал ётқизилди, 2 километрдан ортиқ йўллар қайта таъмирланди. Қўшимча гулзорлар ташкилланди, манзарали дарахтлар экилди. Давлат дастурига мувофиқ, ҳудудимизда аҳоли турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бошқа бир қатор эзгу ташаббусларни амалга ошириш ҳам режалаштирилган.

Дастурда аҳолининг ичимлик сувига бўлган талаб ва эҳтиёжларини қондириш масаласи ҳам инобатга олиниб, 2 минг 500 метр масофада ичимлик суви тармоғи ётқизилиши белгиланган бўлса, айни пайтга келиб бу ишлар тўлиғича бажарилди. Қолаверса, 1 дона сув минорасини таъмирлаш давом этмоқда. Ҳудуд электр тармоқларидаги кучланишларини камайтириш мақсадида 2 та трансформатор мукаммал таъмирланди, 2 минг метр ҳаво тармоғи тортилиб, 58 дона таянчлар ўрнатилди. 1 та савдо мажмуаси ташаббускор томонидан битказилди.

Дарвоқе, тадбиркорлик хусусида икки оғиз сўз: маҳаллада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Узоқ йиллардан буён фойдаланишсиз турган бинонинг тадбиркор Нозимахон Дадажоновага берилиши ва бунда тикувчилик цехи ташкиланиши натижасида қўшимча 15 та иш ўрни яратилди. Ҳозирда “устоз-шогирд” анъаналари асосида ҳунар ўргатаётган қиз-аёлларнинг қўли қўлига тегмаяпти.


- Ўтган йили муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида 100 миоллион сўмдан зиёдроқ шахсий маблағларимиз ҳисобига тикувчилик цехини ишга туширдик. Ўшандан буён ҳар куни 150 тагача аёллар кўйлакларини тайёрлаб, харидорларимизга етказиб беряпмиз. Кўриб турганингиздек, тикувчи қизларимиз бу ерда зўр шижоат билан меҳнат қилмоқдалар, энг муҳими, малакаларига қараб ўртача 1-1,5 миллион сўмдан ойлик маош олишяпти. Насиб қилса, ишлаб чиқариш тармоғини янада кенгайтириб, ишчиларимиз сонини 50 нафарга етказиш мақсадидамиз.

Ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектрларида ҳам жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Табиийки, бу эзгу ишларда аҳоли ҳам жимгина қараб тургани йўқ. Масалан, маҳалла қабристони атрофи 160 метр узунликдаги девор билан ўралди ва бунда аҳолининг бирдамлиги яққол намоён бўлди. Юз бераётган бундай ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишларидан пахтаободликлар жуда мамнун.

– Халқимиз Президент Шавкат Мирзиёевни кун-тун дуо қилиб яшамоқда, - дейди маҳалла фаолларидан бири Турғунали Усмонов. - Шу ёшга кириб, бу қадар улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига гувоҳ бўлмаганман. Ана, мендан катталар ҳам айтиши мумкин: қишлоғимиз чиндан ҳам обод манзилга айланиб бормоқда. Ўтган йил куз-қишда лой кечиб мактабга қатнаган ўқувчилар энди кенг ва равон, асфальтланган кўчалардан юриб, ўқишга боради-келади. Улуғ ҳашарда пахтаободликлар ҳам фаол қатнашмоқдалар. Раҳбарларимизга минг раҳмат, ҳаётимиз, турмушимиз кундан-кунга яхшиланмоқда. Бир сўз  билан айтганда, маҳалламизда амалга оширилаётган бу каби ишлар аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.