Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
БАҒДОДЛИК БОҒБОН КЕЛГУСИ ЙИЛДАН ГЕРМАНИЯГА ГИЛОС ЭКСПОРТ ҚИЛМОҚЧИ
2019-10-28 16:28:30 1080
Бағдод туманидаги “Аср учқуни” боғдорчилик фермер хўжалигида етиштирилган сархил мевалар Россия Федерацияси ҳамда МДҲ давлатларида сотилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида хўл ва қурутилган мева экспортидан олинган даромад 35 минг АҚШ долларидан зиёдроқни ташкил этмоқда.
- Боғимизда, асосан гилос, олма, ўрик ва шафтоли етиштирилади, - дейди хўжалик раҳбари Ойбек Намозов. – Шукр, кам бўлаётганимиз йўқ. Боғдорчиликда инновацион технологияларни, масалан, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилмоқдамиз. Бу борада муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар фаолиятимизни янада кенгайтиришда қўл келмоқда. Насиб қилса, келгуси йилдан бошлаб бизнинг боғда етиштирилган гилосларни Европа мамлакатлари, хусусан, Германиянинг энг йирик савдо дўконларидан ҳам топса бўлади. Бунинг учун ҳозирданоқ хорижий ҳамкорлар билан дастлабки келишувларга эришганмиз.
Боғбоннинг кузатувича, бу йил гилос ички бозор расталарида 27 апрелдан бошлаб пайдо бўлган ва Бағдод тумани шароитида ҳам бунга эришиш мумкин.
- Одатда, май ойининг иккинчи-учинчи ҳафтасидан бошлаб ҳосилни йиғиштиришни бошлаймиз. Лекин бу вақтда хорижий бозорлар рақобатчилар томонидан батамом эгалланган бўлади. Шунинг учун келгуси йилдан биз ҳам апрелнинг сўнгги ўн кунлигидаёқ гилос экспортини бошлаб юборамиз. Бир неча йиллик шахсий илмий хулосаларим, навлар бўйича назарий билимларим ҳамда амалий тажрибаларим бунга тўлиқ имкон борлигини кўрсатяпти, - дейди боғбон.
Ўтган йили хўжалик тасарруфида 50 тонна сиғимга эса эга бўлган музлаткичли омбор фойдаланишга топширилди. Пишиқчилик мавсумида бозор эҳтиёжларидан ортган хўл ва қурутилган, консерваланган маҳсулотлар ана шу омборда сақланади. Бундан ташқари, хўжалик боғлари жойлашган дашт ҳудудида “Чархпалак” номли дам олиш ва соғломлаштириш маскани бунёд этилмоқдаки, ички туризмни ривожлантиришда бунинг аҳамияти катта.
Маълумот учун: жорий йилда бағдодлик боғбонлар (улар 476 нафар) 1 минг 408 тонна олма, 823 тонна нок, 523,2 тонна беҳи, 6 минг 456 тонна ўрик, 597 тонна шафтоли, 3 минг 665 тонна олча, 1 минг 542 тонна гилос, 6 минг 28 тонна олхўри, 307 тонна анжир, 19 тонна хурмо ва бошқа турдаги мева маҳсулотларини етишдилар. Бунинг 6 минг 855 тоннаси экспортга йўналтирилган.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.