Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
МУҲИМ ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2019-11-08 10:04:14 1080
“Чўринди” маданият уйида долзарб ижтимоий масалалар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бағдод туманида ташкилланган секторлар раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ички ишлар бўлими профлактика инспекторлари, Мажбурий ижро бюроси ходимлари, тиббиёт бирлашмаси ва бирлашма тасарруфидаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, яраштириш комиссиялари аъзолари, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган йиғилишни туман ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Алибек Турсунов олиб борди.
Таъкидланишича, туманда оиладаги шахслараро муносабатлар, хусусан, эр-хотин, қайнона-келин ўртасидаги низолар, мерос билан боғлиқ келишмовчиликлар оқибатидаги ажримлар сони ҳали-ҳануз юқорилигича қолмоқда. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 143 та ажрим қайд этилгани инобатга олинса, аҳвол чиндан-да ташвишланарли экани ойдинлашади. Халқимизга хос бўлмаган янгича урф-одатлар, тўй ёки бошқа маросимларни ўтказишда ортиқча дабдабабозликка берилиши, ёшларнинг мустақил ҳаётга етарлича тайёр эмаслиги ажримлар сонининг юқори кўрсаткичларига сабаб бўлаётир.
- Ажрашиш арафасида турган оилаларни ўргансангиз, уларнинг муаммолари бир-бирига жуда ўхшайди, - дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфузахон Каримова. – Аммо ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имкони анча юқори. Шу йил бошидан буён маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларимиз ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаоллари билан ҳамкорликда 180 дан ортиқ оилани ажримдан сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Албатта, бу борада амалга оширишимиз лозим бўлган чора-тадбирлар ҳали кўп. Жумладан, мазкур масалага кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш учун жойларда семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкиллаяпмиз, ёш оилалар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Ишонаманки, ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларга ёши улуғ отахон-онахонларимиз, ҳаётнинг оқ-у қорасини яхши ажрата оладиган нуронийларимиз ҳам бош қўшадилар ва бу йўналишдаги муаммоларни бартараф этишда уларнинг пурмаъно ўгитлари, насиҳатлари бизга албатта қўл келади.
Йиғилиш давомида маҳаллалардаги ижтимоий муаммолар очиқ-ойдин ўртага ташланиб, ютуқ ва камчиликлар таҳлил этилди, илғор иш услублари тарғиб қилинди. Айтиб ўтилдики, муқаддам судланган, спиртли ичимликларга ружу қўйган, гиёҳвандликка мубтало бўлганлар, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, енгил табиатли аёллар, вояга етмаган ҳуқуқбузарлар, диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ёки уларга хайрихоҳ бўлган шахслар, шунингдек, кам таъминланган оилалар билан тизимли равишда ишлаш бугун талаб даражасида эмас. Зотан, бундай оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва муайян шахсларнинг турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда, маҳалла раислари, кенг жамоатчилик фаоллари, маҳалладаги турли комиссияларга бириктирилиб, улар билан мунтазам равишда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилиши лозим.
Айрим маҳаллаларда комиссиялар томонидан оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига эришиш борасида муҳим вазифалар амалга оширилмаяпти. Оилаларда юзага келган низоларни аниқлаш ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда шарт-шароитларини ўрганиш, бартараф этиш бўйича масъул бўлган маҳалла раислари, хотин-қизлар комиссиялари раисларининг ўрни ва роли сезилмаяпти.
- Бугун маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларни тарғиб қилиш, маданий-маърифий тушунтириш ишларини амалга ошириш орқали оила ижтимоий институтини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ва уларни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, бу борада мавжуд камчиликларни ҳал этишда жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз шарт, - дея таъкидлади туман ҳокими Алибек Турсунов.
Йиғилишда, шунингдек, фуқароларнинг жорий йил куз-қиш мавсумига ҳалигача тўлиқ тайёр эмаслиги, мазкур йўналишдаги муҳим ва долзарб вазифалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилгани ҳам кескин танқид остига олинди. Айтиб ўтилишича, ҳар бир хонадонда озиқ-овқат заҳиралари омборларини шакллантириш орқали совуқ мавсум учун етарли даражада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жамғарилишини ташкиллаш лозим. Шундагина бозорлардаги нарх-навонинг кескин кўтарилиши билан боғлиқ муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади. Қолаверса, аҳолининг электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминланишига эришиш, куз-қиш мавсумини талофатларсиз ўтказиш бугун туман ҳокимлигининг доимий назоратида.
Йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, улар ижроси учун масъуллар тайинланди.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.