Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КУНИ НИШОНЛАНДИ
2019-11-08 10:06:59 1175
Мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонлаб келинади. Шу муносабат билан бугун туманимизнинг турли ҳудудларида байрам тантаналари бўлиб ўтди. Уларда туман ҳокимлиги вакиллари, Тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари, соҳа фидойилари жам бўлишди.
2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, бу галги байрам тадбири ҳар йилгидан-да кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизими ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қисқа давр ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тиббиёт ривожида асос бўлиб хизмат қилаяпти. Уларда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётгани соҳани янада яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини ошириш, арзон ва сифатли дори-дармон, замонавий тиббий буюмлар билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, билимли ва тажрибали мутахассисларни тайёрлаш бўйича бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш имконини бермоқда. Эътиборли томони, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда.
Юртимизда аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган бирламчи тиббий-санитария бўғинида авваллари мавжуд бўлмаган ижтимоий дорихона ва куну-тун ишлайдиган тез тиббий ёрдам шохобчасига эга 793 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди. Уларда бешта йўналишда яъни, амалиёт врачи билан бирга, терапевт, хирург, педиатр, стоматолог, гинеколог каби тор мутахассислар фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, тиббий ходимларнинг меҳнати самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий қилинди. Шифокор қабулига ёзилиш ва маълумотлар базасини шакллантириш бўйича “Электрон поликлиника” тизимига босқичма-босқич ўтилмоқда.
Шунингдек, она ва бола саломатлиги, Шошилинч тиббий ёрдам тизимидаги ўзгаришлар, дори-дармон таъминотидаги ўзгаришларни ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин. Аҳолига ихтисослаштирилган хизматни яқинлаштириш йилдан-йилга кенгайиб бораяпти. Тиббиётни янада ислоҳ қилиш ва сифат даражасини ошириш борасида изчил саъй-ҳаракатлар бир зум бўлса-да тўхтагани йўқ. Бу борада илғор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, юртимиздаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Бағдод тумани Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдумажид Юнусовнинг маълум қилишича, бугунги кунда бирлашма тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида 244 нафар врач, 1 минг 760 нафар ўрта тиббиёт ходими, 473 нафар кичик тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, лозим даражада меҳнат шароитларини яратиб бериш доимий эътиборда.
Байрам тадбирларида узоқ йиллардан буён соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ходимларга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов иштирок этиб, тиббиёт ходимларини касб байрами билан самимий қутлади.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.