Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 26 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ҚИШЛОҚЛАР ОБОД, КЎНГИЛЛАР ШОД

×

 2019-11-21 11:34:54    1519

PDF yuklash
Chop etish


Бағдод тумани ҳокими Алибек ТУРСУНОВ ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш, фуқаролар турмуши фаровонлигини янада ошириш юзасидан бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни муҳокама қилиш учун жойларда учрашувлар ўтказмоқда.

Туман марказидан анчайин олисда жойлашган “Зафаробод” маҳалла фуқаролар йиғини бугун том маънода обод ва файзли гўшага айланди. Бир вақтлар б қишлоқнинг номини эшитганнинг кўз ўнгида бийдек чўл, пана-пастқам уйлар, эгри-бугри йўллар гавдаланган бўлса, энди улар ўрнини мутлақо бошқа манзара эгаллаган. Табиийки, аҳолининг ҳам кайфияти шунга яраша: зафарободликлар бугун ўз тақдиридан рози, мамлакатимизда юз бераётган улкан ўзгаришлардан миннатдор, шод-у хуррамлик, энг муҳими, шукроналик кайфиятида умргузаронлик қилмоқдалар.

Айни пайтда Зафарободда 4 минг 874 нафар аҳоли яшайди. Ўтган йили ҳудудда “Обод қишлоқ” Давлат дастури амалга оширилиб, ҳудуд инфратузилмаси янада яхшиланди. Ички йўллар таъмирланди, шағал ва асфальт ётқизилди. Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани инобатга олиниб, 1,1 км. узунликда ёпиқ электр линияси тортилди, 2 та янги транформатор, 80 та таянч устуни ва 86 та кўча ёриткичлари ўрнатилди. Бундан ташқари, мавжуд кўп қаватли уйлар таъмирланди, болалар майдончалари ташкил этилди, ариқ ва зовурлар, лотоклар тозаланди, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги муаммолар барҳам топди. Бундай бунёдкорлик ишлари учун давлат бюджетидан 6,6 млрд. сўм маблағ ажратилди.


- Кўз ўнгимизда жуда улуғ ва эзгу ишлар содир бўлди, - дейди биз билан суҳбатда қишлоқ нуронийларидан бири Абдуманнон ота Исоқов. – Бу ўзгаришларни кўриб, юрагимиздан ўтказиб, давлатимизнинг иқтисодий қудратига, бунёдкорлик салоҳиятига қайта-қайта амин бўлдик. Ўнлаб йиллар давомида ҳал бўлмай, аҳолини қийнаб, бесаранжом қилиб келган муаммолар бугун барҳам топди. Йўлларимиз текис ва равон, ҳовли-жойларимиз саришта, кўнгилларимиз обод бўлди. Таълим муассасалари дейсизми ё бошқа ижтимоий соҳа объектлари дейсизми, ҳамма-ҳаммаси таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфа касб этди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтамиз. У кишининг инсонпарварлик, юртпарварлик тамойилларига асосланган оқилона сиёсатлари боис, Марказий Фарғона чўллари бағридаги Зафаробод чинакам обод маскан қиёфасига кирди. Бугун биз қалбимизда юксак фахр-ифтихор туйғуси билан, ислоҳотларга дахлдорлик ва албатта, шукроналик билан яшаяпмиз.

Дарҳақиқат, кейинги 2-3 йил ичида зафарободликлар турмушида кескин ўзгаришлар кузатилди. “Обод қишлоқ” Давлат дастурига асосан 178 та хонадон таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишдаги бекатлар, гулзорлар барпо қилингач, ҳудуддаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари янада яққол кўрина бошлади. Эътибор беринг-а, ҳозирда ҳудудда 740 дан ортиқ хонадон мавжуд бўлса, уларнинг барчаси суюлтирилган газ билан таъминланган.

- Аҳолимизда маиший газ баллонлари билан боғлиқ муаммолар батамом бартараф қилинди, - дейди биз билан суҳбатда “Зафаробод” МФЙ раиси Одилжон Турдиев. – Бугун туманимиз ҳокими билан бўлган учрашув чоғида истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш интервалини қисқартириш бўйича мурожаат ҳам кўриб чиқилди. Авваллари газ баллонларини тўлдириш вақти оралиғи 2-3 ой бўлган бўлса, эндиликда бу муддат куз-қиш мавсуми учун 1 ой этиб белгилаш тўғрисида тегишли масъулларга топшириқлар берилди. Бундан ташқари, туманимиз раҳбари ҳудудда тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш юзасидан йўл-йўриқ кўрсатди. Айни пайтда қишлоғимизда 21 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлса, келгуси йилда улар сонини 50 дан ошириш энг муҳим вазифа сифатида олдимизга қўйилди. Ушбу йўналишда бир қатор лойиҳаларимиз мавжуд, уларни амалга ошириш учун имкониятимиз ҳам, шарт-шароитимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли. Насиб қилса, яқин вақт ичида Зафарободни асл миришкорлар, уста-тадбиркорлар юртига айлантирамиз!

Болажон халқмиз – қўшнининг боласига-да тиззамиздан жой беришга одатланганмиз. Топган-тутганимиз, боримиз-бисотимизни фарзандлар камолоти учун баҳшида этамиз. Улар – орзуларимиз рўёби, порлоқ келажагимиз давомчиларидир. Шу боис, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиеёв бошчилигида мактабгача таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бағдод тумани марказида 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янгидан қад ростлаши ҳам ана шу халқпарвар ислоҳотларнинг самарасидир. Туман ҳокими Алибек Турсунов куни кеча фойдаланишга топширилган ана шу масканга ташриф буюриб, бунда болажонларимиз учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.


- Атиги 4 ҳарфдан иборат бўлган “БАХТ” сўзининг бутун мазмун-моҳиятини фарзандларимиз камолида кўрамиз, - деди А. Турсунов. – Шахсан Юртбошимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгани, кўп йиллар давомида нисбатан тарқоқ бўлган саъй-ҳаракатларнинг мукаммал бир тизим асосида йўлга қўйилгани, эртамиз эгалари бўлган болаларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта. Ушбу муассасада тарбияланаётган ўғил-қизларнинг, улар ота-оналарининг ҳамда тарбиячи-устозларининг юз-кўзларидаги қувонч-у шодлик, шак-шубҳасиз, юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар учун шукроналик ифодаси, деб биламан. Ўйлайманки, бу даргоҳ жажжи болажонларнинг бахтиёр кулгусига узоқ йиллар гувоҳ бўлади.

Ишонинг, она ва боланинг бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан, ширин табассум билан қараб турган ҳолати – дунёдаги энг гўзал манзарадир. Кўриб-билиб турибмиз: дунёнинг турли давлатларида очлик ва қашшоқлик, уруш ва тўполонлар, қўпорувчилик ҳаракатлари ҳамон давом этмоқда. Минг шукр, бизнинг жаннатмонанд диёримизда тинчлик-осойишталик бардавом ва барқарор, ҳаётимиз кундан-кун фаровонлашиб боряпти. Янги-янги таълим муассасалари, тиббиёт масканлари ва бошқа муҳим ижтимоий соҳа объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Хусусан, ўтган 2018 йилда туманда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш учун давлат бюджетидан 2,5 млрд. сўмга яқин маблағ ажратилган. Ваҳолонки, жорий йилда бу кўрсаткич 16 млрд. сўмдан зиёдроқни ташкил қилмоқда. Бугун 150 нафар болани ўз бағрига олаётган биргина 6-сонли ДМТТ учун 3,2 млрд сўм маблағ сарфланган бўлса, туманнинг олис ҳудудларидан бири ҳисобланган “Ойдинбулоқ” МФЙ ҳудудида 4,5 млрд. сўмлик яна бир янги мактабгача таълим ташкилоти биноси қуриб битказилди. Умуман олганда, туманда мактабгача таълим ташкилотлари сони 88 тага етди, уларнинг 36 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият юритмоқда. Мазкур муассасалар билан мактабгача ёшдаги болаларнинг 7 минг 250 нафари қамраб олинган.

Туман ҳокими шу куни “Зайд ибн Собит” жомеъ масжидида ҳам бўлиб, бунда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Хабарингиз бор, мазкур ибодатгоҳда кўпминг сонли намозхонлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида узоқ йиллардан буён қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва бунда саховатпеша инсонларнинг ҳиссаси сезиларли бўлаётир.


- Бу ишлар ўз-ўзидан бўлиб қолаётгани йўқ, - дейди туман Бош имом-хатиби Соҳибжон ҳожи Аҳмедов. – Муҳтарам Президентимизнинг муборак Ислом динини янада тараққий топтириш, ота-боболаримиздан мерос қолган урф-одатларимизни асраб-авайлаш, қолаверса, барча дин вакиллари учун ўз эътиқодларига биноан ибодат қилишга кенг ва тенг шарт-шароитлар яратиб бериш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлари натижасидир бу ишлар. Ҳозирда туманимизда 11 та жомеъ масжиди фаолият юритаётган бўлса, шу бугунга келиб уларнинг барчаси мана шундай обод масканга, инсон қалби ва руҳиятини покловчи даргоҳга айланди. Бундан биз намозхонлар, диний идоралар вакиллари жуда-жуда мутаассирмиз.

Куннинг иккинчи ярмида Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди. Ҳудуддаги 26-умумий ўрта таълим мактабида ташкилланган учрашувда аҳоли ўртасида томорқадан оқилона фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, жорий йилнинг 22 декабрь санасига белгиланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлари сайловини уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

МФЙ раиси В. Сиддиқовнинг маълум қилишича, ҳудудда 3 минг 815 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аксар хонадонларда томорқадан самарали фойдаланиш бўйича етарли кўникма шаклланган, бироқ мавжуд имкониятлардан тўлиқроқ фойдаланиш лозим. Зотан, томорқа – қишлоқ аҳолиси учун асосий даромад манбаига айланмас экан, турли ижтимоий-маиший муаммоларга ечим топилиши ер депсиниб қолаверади.

- Ушбу масала юзасидан фуқароларимиз ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини муттасил олиб бормоқдамиз, - дейди В. Сиддиқов. Бунинг натижасида, яқин 2-3 ойнинг ичида ўз томорқасида иссиқхона ташкил этганлар сони 11 нафарга кўпайди. Эътиборлиси, янги иссиқхоналаримизда сув тежамкорлигига алоҳида урғу беряпмиз ва асосан томчилатиб суғоришни йўлга қўймоқдамиз. Туман ҳокими билан ўтган бугунги учрашувда бу йўналишдаги ишларни янада жонлантириш, ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим топшириқларни олдик ва ишонтириб айтаманки, уларнинг ижросини таъминлаш учун халқимиз билан елкама-елка туриб ишлаймиз.


Шунингдек, учрашув давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, эрта турмуш ва ажримлар олдини олиш, фуқаролар турмуш тарзини янада фаровонлаштириш билан боғлиқ муҳим ижтимоий масалалар ҳам кенг муҳокама қилинди.

 

Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.