Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ДЕПУТАТЛАР САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН НОАНЪАНАВИЙ ТАРЗДА УЧРАШДИ
2020-02-25 18:00:26 949
Халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгаши депутатлари – Мақсуджон Холматов ва Жаҳонгир Ғиёсов бугун ўз сайловчилари билан файзли дастурхон атрофида учрашди.
Туман марказидаги тамаддихоналардан бирида ташкилланган учрашувда “Муқумий” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Оқ олтин”, “Кумуш тола” кўчалари, шунингдек, “Бўстон” даҳасидаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар қатнашди ва ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланишни ташкиллаш, янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ кўплаб ижтимоий масалалар юзасидан ўзаро фикрлар алмашилди.
- Сайловлар арафасида бўлажак депутатларимиз эл-юрт равнақи, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида муносиб ҳисса қўшишга астойдил ваъда беришганди, - дейди МФЙ раиси Мўллаев. – Мана, гувоҳи бўлиб турганингиздек, улар жойларда сайловчилар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини жон-қулоқлари билан тинглаб, кўпгина муаммоларга ижобий ечим топилишида сидқидилдан ҳисса қўшмоқдалар. Бугунги учрашувда ички йўлларимизни асфальтлаш, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолини муҳим иш билан таъминлаш ва яна бошқа мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Депутат Жаҳонгир Ғиёсовнинг маълум қилишича, “Оқ олтин” кўчасида яшовчи аҳоли томорқа ерларини суғориш билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда. Аниқроғи, бу ҳудудда эрта баҳордан то кеч кузга қадар сув танқислиги кузатилади.
- Муҳтарам Президентимиз, қолаверса, вилоятимиз ва туманимиз раҳбарлари мавжуд томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича кўпгина ташаббусларни илгари сурмоқдалар, - дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан туман Кенгашига сайланган депутат Ж. Ғиёсов. – Лекин оқ олтинликларнинг томорқаси сувсизликдан қуримоқда, бунинг чорасини зудликда кўришимиз керак. Тўғри, аҳолининг мурожаатини эшитиб, ён дафтарга белгилаб олиш билан ёки керакли ташкилотга депутатлик сўровини юбориб қўйиш билангина муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун шахсий ташаббус ҳам керак бўлади. Биз бу масалага шу нуқтаи назардан ёндошмоқчимиз.
Учрашувда шунингдек, Бағдод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Холдоров ҳам қатнашиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлинмаларини ташкил этиш юзасидан имзолаган Фармонининг мазмун-моҳияти хусусида иштирокчиларга маълумот берди.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.