Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ДЕПУТАТ КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАР МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ҚИЛИШГА ЖИДДИЙ КИРИШДИ
2020-03-02 18:42:30 1345
19-Самандарак сайлов округидан халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгашига сайланган депутат Исломжон Аҳмедов ҳудуддаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича ўзи учун аниқ чора-тадбирларни белгилаб олмоқда.
Дастлабки ўрганишларга кўра, “Самандарак” МФЙда айни пайтда 19 та ночор оила мавжуд. Хонадонма-хонадон юриш давомида бу оилаларнинг аҳволи, яшаш шароити, муаммолари билан яқиндан танишилди. Асосан ишсизлик билан боғлиқ бўлган муаммоларга ечим сифатида туман корхона ва ташкилотларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, хонадон эгалари билан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тарғибот юритилди.
– Бизга моддий ёрдам эмас, ишлаб пул топиб, рўзғоримизни тебратишимиз учун шароит қилиб берилса бўлгани, – дейди Отабек Холиқов. – Гулдай ҳунарим бор – темир дарвозанинг “дода”сини ясайман. Лекин, материалга ҳадеганда пул еткизолмай, рўзғордан ортқизолмай қолдик-да. Мана, бугун депутатимиз уйимга келиб, банкдан 30 миллион имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам бераман, деб турибди. Хурсанд бўлдим, раҳмат! Худо хоҳласа, бу кунларам ўтади… Меҳнатдан қочадиган эмасман: кредитни олибоқ, аввалги ҳунаримни бошлайман.
Боқувчисини йўқотган Муҳаррамхон Исмоилова бир нафар фарзанди билан яшайди. Оиланинг бугунги аҳволи бирмунча оғир. Ёлғиз аёлнинг кундалик топган даромади еб-ичиши, майда харажатларга етади, холос… Депутат И. Аҳмедов билан бўлган суҳбатдан сўнг хонадон соҳибасидаги тушкунлик ўрнини шукроналик, ғайрат-шижоат эгаллади.
- Минг шукр, қўл-оёғимиз соғлом, жонимиз омон, - дейди М. Исмоилова. – Ҳаракат қилсак, интилсак, ҳамма нарсага эришиш мумкин. Мана, депутатимизга раҳмат: уйимизга келиб, Президентимиз олиб бораётган сиёсатларнинг мазмунини икки оғиз гап билан тушунтириб берди. Бой бўл, деяпти экан давлатимиз раҳбари. 6 сотихли томорқам бор – йилда у-бу экиб қўяман – бўлса бўлди, бўлмаса йўқ. Шу ерда иссиқхона ташкиллаб, гулчиликними, кўкат етиштиришними йўлга қўйсам, қандай яхши! Депутат банкдан кредит олишда ёрдам бераман, деб турган бўлса… Сиз 1-2 йилдан кейин яна келинг, мухбир ука, ўшанда гаплашамиз сиз билан!..
Умуман олганда, ҳудуддаги 8 та оилага имтиёзли кредит олишда кўмаклашиш орқали уларни оғир вазиятдан қутқариш, 2 та оиланинг яшаш хонадонини замонавий кўринишга келтириш, 3 та оилани эса саховатпеша тадбиркорлар кўмаги билан камбағалчиликдан олиб чиқиш чоралари кўрилди. Шунингдек, 2 нафар беморнинг саломатлигини тиклаш учун санаторийга юбориш, яна 2 нафар фуқаронинг пенсияга чиқиш ҳужжатларини тайёрлашда амалий ёрдам берилди.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.