Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдодлик педагоглар Қозон шаҳридаги мактабда юз берган фожиали воқеага муносабат билдиришди
2021-05-12 16:38:44 727
Бағдод тумани халқ таълими бўлими мажлислар залида мактаб директорлари ҳамда фаол ўқитувчилар жамланиб, куни кеча Россия Федерациясининг Қозон шаҳридаги мактабда содир бўлган фожиали воқеани кескин қораладилар.
- Қозондаги мактабда юз берган бу аянчли воқеа олдимизга хавфсизлик билан боғлиқ муҳим масалани кўндаланг қўйди, - деди бўлим мудири Тўлқиной Тожиева. – Сабабки, биз кўпинча “мактабни қаровул қўриқлайди, умумий хавфсизликка директор ёки қайсидир ўринбосар жавоб беради”, деган тор доирадаги фикрларга гувоҳ бўлиб турардик. Йўқ, мактабдаги хавфсизлик, ўқитувчилар ва ўқувчилар ҳаёти, саломатлиги, ҳатто ўй-хаёллари, орзу-истаклари билан боғлиқ ҳар қанақа вазият учун ҳар биримиз жавобгар эканимизни, ҳамиша уйғоқ, ҳушёр ва эътиборли бўлишимиз кераклигини Қозондаги воқеа яққол кўрсатиб берди. Айтишим ўтишим лозим: бугунги кунга келиб, туманимиздаги барча таълим масканларида тўлиқ кузатув камералари ўрнатилган, лекин шундай бўлса-да, огоҳлик ҳамиша керак. Бинобарин, мактабга битта қимматбаҳо парда осгандан кўра, битта “миндайроқ” бўлсаям камера ўрнатганимиз яхшироқ самара беради, деб ўйлайман.
Мудҳиш жиноят юзасидан кўпгина педагогнинг фикри тингланди ва улардан олинган умумий хулоса шундайки, дин, миллат, ирқ ва бошқа ижтимоий қарашлардан қатъий назар, ўқитувчи, энг аввало, ўз шогирдининг камолини кўришни истайди, бутун инсониятни тарбиялайди.
- Ҳаммамиз Эльвирага йиғладик (Эльвира Игнатьева – воқеа содир бўлган мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси; ўқувчига йўналтирилган ўққа ўзини тутиб бериб, қурбон бўлди – изоҳ бизники), - дея давом этади Т.Тожиева. – Ахир эндигина 25 ёшга тўлган бу ўқитувчининг ҳам ҳаётдан умиди бор эди. У ўша вазиятда синфхона эшигини ёпиб, ўзини панага олиши мумкин эди. Лекин Эльвира бундай қилмади: ўзининг эмас, ўқувчисининг жонини сақлаб қолди. Бу – ҳақиқий қаҳрамонлик!
Якунда, Қозон шаҳридаги мактабда юз берган фожеали воқеа муносабати билан, бағдодлик фаол педагогларнинг барча учун Мурожаатини тайёрлашга келишиб олинди.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.