Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 20 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

БАҒДОД ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИНИНГ РАСМИЙ МУНОСАБАТИ

×

 2021-05-29 20:13:38    1754

PDF yuklash
Chop etish


“Адолат кўзгуси” газетасининг жорий йил 27 май кунги 21-сонида чоп этилган “Бағдод тумани ҳокими фидойи фермерни хонавайрон қилмоқда” сарлавҳали мақола юзасидан туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Мақолада туманнинг “Валижон Жўраев” ММТП таркибидаги “Идеал инвест пахтазори” фермер хўжалиги раҳбари Оятулло Кимсановнинг туман ҳокими Восилжон Назаров шаъни ва қадр-қимматини ерга уришга қаратилган бир талай асоссиз туҳмат ҳамда бўхтондан иборат иддаолари ўрин олган.

Масалан, фермернинг ёзишича, “чўлда битмай қолган 2 хонали уй айвонини битказиш топшириғи”ни ҳоким унга топширган эмиш-у, “қурилиш ишлари вақтида бажарилмагани сабабли ҳоким тўнини тескари кийиб олиб”, фермерга нисбатан адоватли муносабат бошлаган эмиш.

Аввало, мақолада айтиб ўтилган “2 хонали уй” ҳақида: бу жой – кўп йиллардан бери ҳудуддаги фермерлар билан дала шароитида учрашилиб, агротехник тадбирларнинг бориши муҳокама қилинадиган, маҳаллий аҳоли ўртасида “Оқ уй”  деб аталувчи экси иморат ҳисобланади. Ушбу иморат чиндан ҳам таъмирталаб ва қаровсиз ҳолатда бўлгани сабабли, уни ҳашар йўли билан таъмирлаш ҳамда замонавий кўринишга келтириш таклифи туман ҳокими томонидан илгари сурилган. Аммо бунда таъмирлаш ишларини бажариш “Идеал инвест пахтазори” фермер хўжалиги раҳбарига (собиқ) топширилмаган. Қолаверса, бу иморат туман ҳокимига ёки сектор раҳбарларига эмас, балки шу ҳудуддаги фермерлар манфаатига хизмат қилади. Ва яна, “2 хонали уй”ни таъмирлаш ишлари билан тумандаги ғаллачилик кластери раҳбарияти кўнгилли тарзда амалга оширмоқда.

О.Кимсанов туман ҳокими билан ўртадаги “зиддият”ни ана шу “2 хонали уй” билан боғлашга чиранади. Лекин, аслида, гап – “Идеал инвест пахтазори” фермер хўжалиги тасарруфида бўлган ва жорий йилда чигит экилиши режалаштирилган 102- ва 103-контурлардаги жами 9,11 гектар экин майдонига ноқонуний тарзда, шартномада кўрсатилмаган полиз экинларини жойлаштириш учун тайёрлаб қўйилганида. Мазкур ҳолат халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгашининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси аъзолари томонидан 30 март куни аниқланиб, ҳолат юзасидан далолатнома тузилган. (Ўрганиш жараёнлари фото ва видео кўринишда туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг архивида сақланмоқда).

Туман ҳокимининг 2019 йил 7 мартдаги 990-сонли қарорига асосан, ушбу фермер хўжалигига жами 123,44 гектар (шунинг 103,11 гектари – экин ери) ер майдони ажратиб берилган. 2021 йил ғалла ҳосили учун 50,1 гектар ер майдонида буғдой экилган. Қолган 54,9 гектар майдонга эса чигит экиш режалаштирилган бўлса-да, юқорида айтилганидек, 9 гектардан ошиқроқ майдон ноқонуний равишда полиз экинлари экиш учун тайёрлаб қўйилган.

30 март куни доимий комиссиянинг йиғилиши ўтказилиб, унда “Идеал инвест пахтазори” фермер хўжалиги экин майдонларидан ўзбошимчалик билан, амалдаги қонун меъёрларига зид равишда фойдаланиш ҳолатлари муҳокама қилинган. Комиссиянинг шу кунги 03-06/4-сонли йиғилиш баённомасига кўра, фермер О.Кимсановга Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни юзасидан тўлиқ тушунтиришлар берилган ва полиз экинлари экишга тайёрлаб қўйилган ер майдонларини чигит экишга қайтадан тайёрлаш учун унга 1 кунлик муддат белгиланган. Шунингдек, аниқланган ҳолатлар ушбу муддат ичида тўлиқ бартараф этилмаса, фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш масаласи халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилиши ва тегишли қарор қабул қилиниши кўрсатиб ўтилган.

Аслини олганда, доимий комиссиянинг бу тарздаги қарори собиқ фермернинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган эди. Аммо О.Кимсанов депутатлар ишончини суиистеъмол қилган ва комиссия қарорини қасддан менсимаган ҳолда, ўзига юклатилган вазифани бажаришдан бўйин товлади. Яъни, ўзбошимчалик билан полиз экинлари экиш учун тайёрлаб қўйилган ер майдонлари белгиланган муддатда чигит экиш учун қайта тайёрланмади. 31 март куни доимий комиссия аъзолари томонидан фермер хўжалиги экин майдонларида қайта мониторинг ўтказилганида ушбу ҳолат тўлиқ тасдиғини топди (қайта ўрганиш жараёнлари акс этган фото ва видеофайллар ҳам Ахборот хизмати архивида сақланмоқда).

Энг таажжублиси, ўзининг ғайриқонуний мақсадларини амалга оширишда давом этган О.Кимсанов чигит экилиши лозим бўлган экин ер майдонининг 4 гектарлик қисмида гўёки чигит экиш бошланганини кўрсатиб қўймоқчи бўлади. Вахолонки, бу вақтда ерларга ҳеч қандай чигит экилмаган, бўм-бўш сеялька даланинг бош-этагига бўзчининг мокисидек қатнаган, холос. Кўп ўтмай уддабурон фермернинг бу қилмиши ҳам мутахассислар томонидан тўлиқ исботланди.

Вазият зудлик билан чора кўришни, тезкор қарор қабул қилишни тақазо этди: туман ҳокими В.Назаров чигит экишни кечиктирмаслик, халқимиз бойлиги бўлган ернинг умрини беҳуда ўтказмаслик мақсадида, чигит экиш билан боғлиқ агротехник тадбирларни тумандаги пахтачилик кластери зиммасига вақтинча юклади. Шундан сўнг полиз экинлари экиш учун тайёрлаб қўйилган 9,11 гектар майдон қайта тайёрланиб, чигит экилди. Бироқ, шунга қарамасдан, О.Кимсанов чигит экилган майдоннинг 4 гектарини бузиб ташлаб, яна полиз экинлари экиб олганини қандай баҳолаш мумкин? (28 май куни олинган фото ва видеофайллар бизда мавжуд).

Табиийки, давлат ва халқ манфаатларига катта миқдорда зарар етказилиши мумкин бўлган бу вазиятга тумандаги пахтачилик кластери раҳбарияти шунчаки томошабин сифатида қараб тура олмас эди. Пахтачилик кластери – “Fergana spinning” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси таъсис раиси Б.Комилов 6 май куни туман прокурори А.Фозилов номига 72-рақамли расмий хат билан мурожаат қилиб, юқоридаги ҳолатга қонуний баҳо беришни сўраган. Мазкур сўровга кўра, прокуратура органи томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 601-моддасига биноан маъмурий иш очилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.

О.Кимсанов мақолада, ерни туман захирасига қайтаришга розилик аризасини ёзишга мажбур қилингани, бунда “туман фермерлар кенгаши раиси ва сектор раҳбари – туман ДСИ бошлиғи ҳокимнинг талаби билан иш тутгани”ни писанда қилади. Феодализмнинг чиркин кўринишларидан ҳисобланган бундай зўравонликни қонун устувор бўлган бизнинг давлатда амалга ошириш мумкинлиги ҳақиқатга қанчалик яқин?! Зотан, “Идеал инвест пахтазори” фермер хўжалиги тасарруфидаги ер майдонларини туман захирасига олишни сўраб, О.Кимсановнинг ўзи 16 апрель куни туман ҳокими номига ариза ёзган. Ариза фермернинг ўз қўллари билан ёзилган, имзоланган ва хўжалик муҳри билан тасдиқланган. Шу аризага биноан, 17 апрель куни туман ҳокимининг 405-сонли қарори қабул қилиниб, ер майдонлари туман захирасига қайтарилган.

Мақолада, О.Кимсановнинг “чўл ҳудудида боғ яратиш, қаровсиз ерларни ўзлаштириш, электр ва ичимлик сув тармоқларини тортиш, эски шийпонни таъмирлаш учун 2,5 млрд. сўм маблағ сарфлагани” бот-бот таъкидланади. Лекин бу “шунча пул сарфладим, энди ўзим хон – кўланкам майдон” қабилида иш тутиш, экин майдонларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш учун асос бўла олмайди! Қолаверса, тортилган электр ва ичимлик сув тармоқларига, таъмирланган дала шийпонига биров эгалик қилиб олаётгани ҳам йўқ. О.Кимсанов ўзи истаган вақтда келиб, уларни узиб-суғириб-қўпориб, олиб кетиши мумкин.

Мақолада О.Кимсанов, “хўжаликка туташ ер майдонини суд идорасида ишловчи Отабек исмли фуқародан 7500 АҚШ долларига сотиб олгани”ни баён қилади. Бундан кўринадики, ўзини фидойи атаган собиқ фермер ер олди-сотдиси амалдаги қонунларимизга асосан жиноят ҳисобланишини англамайди ҳам. Дарвоқе, ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шуғулланишни бошлади.

Бағдод тумани ҳокимлиги.