Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдод тумани ҳокимлигининг расмий муносабати
2021-08-02 10:31:06 560
30 июль куни 09:30 лар чамасида Бағдод тумани ҳокимлиги биноси олдида “ASAD-Тex” корхонасида ишловчи бир гуруҳ аёллар тўпланиб, “корхонада электр энергияси тез-тез ўчириб қўйилаётгани, бунинг оқибатида тадбиркор корхона фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлаётгани ва ишчилар ишсиз қолаётгани” важи билан тегишли мутасаддиларга мурожаат қилиш учун келгани тўғрисидаги видео-ахборот ижтимоий тармоқларга жойланди. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Ахборот хизмати раҳбари (Д.Полвонов) дастлаб шу ернинг ўзида мурожаатчи аёллар билан учрашиб, суҳбатлашди ва талабларини ўрганди. Шундан сўнг, пандемия шароити ва карантин қоидаларини инобатга олган ҳолда, муаммони тегишли мутахассислар иштирокида жойига бориб ўрганиш таклифи билдирилди.
Маълум вақт ўтиб, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Умиджон Йигиталиев, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, туман ҳокими ўринбосари Дилфузахон Каримова, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Валижон Тўйчиев, “Халқ банки” туман филиали раҳбари Муҳсинжон Валиев ҳамда туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Давлатжон Полвоновдан иборат масъуллар “ASAD-Тex” корхонасига етиб боришди ва шу ерда тадбиркор Шавкатжон Усмонов билан юзма-юз учрашдилар.
Ўзаро суҳбат давомида аниқланишича, тадбиркор Ш.Усмоновнинг тақдим қилган ҳужжатлари асосида “Халқ банки”нинг туман филиали томонидан 2020 йилнинг 2-чорагида ажратилган кредит маблағи эвазига ип йигирув цехи фаолият бошлаган.
Цехни электр таъминоти билан таъминлаш юзасидан 2020 йил 20 август куни “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг 1830-8- сонли ТЕХНИК ШАРТи қабул қилинган. Унга кўра, тадбиркорлик субъектини электр энергияси билан таъминлаш “Наврўз” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 35/10 кВли “Янги ҳаёт” п/ст-си 10 кВли 1-чи шиналар тизимига 10 кВли алоҳида тармоқ тортилган ҳолда бажарилиши, шунингдек, “Мурувват” МФЙ ҳудудида жойлашган 35/10 кВли “Ёшлик” п/ст-сидан алоҳида тармоқ тортилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, ТЕХНИК ШАРТда яна бир қанча талаблар белгилаб қўйилган бўлиб, улар улгуржи истеъмолчи томонидан бажарилиши лозимлиги қайд этилган. Аммо тадбиркор бу шартларни бажармасдан, тадбиркорлик субъекти учун иккинчи алоҳида тармоқ тортиш ишларини пайсалга солиб келмоқда.
“Қуйқа” узатмаси орқали “ASAD-Tex”дан ташқари, ҳудуддаги “Қўштегирмон-1”, “Қўштегирмон-2”, “Нурафшон” МФЙлари ҳамда Қуйқа, Деҳқон каби қишлоқлар аҳолисига ҳам электр энергияси етказиб берилади. Ушбу аҳоли манзилларида 50 дан ортиқ трансформатор пунктлари мавжуд бўлиб, турли авариявий ҳолатлар юзага келганида ёки таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда электр таъминоти вақтинча узилиши мумкин. Сўнгги марта бундай ҳолат 20 июль кунги кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида юз берган. 21 июль куни соат 14:00 да носозликлар тўлиқ бартараф қилинган ва шундан буён ҳудудда узилишлар кузатилгани йўқ.
Хўш, унда гап нимада?
Юқорида таъкидланганидек, тадбиркор ўзи учун нисбатан барқарор ва юқори кучланишсиз ишловчи “Мурувват” МФЙ ҳудудида жойлашган 35/10 кВли “Ёшлик” п/ст-сидан иккинчи алоҳида тармоқ тортиб келишни истамаяпти ва дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 800 млн. сўм маблағ талаб қилинадиган бу вазифани туман ҳокимлигининг мажбурияти, деб ҳисобламоқда. Ваҳолонки, амалдаги тартиб-таомилларга асосан, киритиладиган инвестиция ҳажми 50 млн. АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган тадбиркорлик субъектларини “ўчмайдиган линия” билан таъминлаш ҳудудий электр тармоқлари корхоналари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Афсуски, “ASAD-Tex”нинг салоҳияти ҳозирча ушбу миқдорга етиб бормаган.
Тадбиркор Ш.Усмонов 3 ойдан буён “Халқ банки”дан олинган кредитнинг тани ва фоизини қайтармай келмоқда. Ҳозирда қарздорлик 450 млн. сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, истеъмол қилинган электр энергиясидан қарздорлиги 32,8 млн. сўмга етган.
Суҳбат давомида, мавжуд ҳолат атрофлича муҳокама қилинди. Тадбиркорни мураккаб иқтисодий вазиятдан чиқариш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун турли таклифлар илгари сурилди. Жумладан:
- “Мурувват” МФЙ ҳудудидан алоҳида тармоқ тортиб келиш харажатлари (800 млн. сўм) учун “Халқ банки” томонидан тадбиркорга кредит расмийлаштириб бериш таклифи билдирилди, бироқ Ш.Усмонов ушбу таклифни қатъиян ман қилди.
- Туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарияти тадбиркорлик субъектига алоҳида тармоқ тортиш ишларида ишчи кучи билан беминнат ёрдам беришини маълум қилди ва унгача ҳозирда фойдаланишда бўлган “Қуйқа” узатмаси орқали электр энергияси етказиб берилишини максимал даражада таъминлашга ваъда берди. Лекин Ш.Усмонов бунга ҳам қаноат ҳосил қилмади.
- Туман ҳокими ўринбосари У.Йигиталиев, ҳозирча “Қуйқа” узатмасидан фойдаланган ҳолда фаолиятни давом эттиришни тадбиркорга таклиф қилиб, алоҳида тармоқ тортишда зарур муҳандислик лойиҳаларини тайёрлаш, аниқланган муаммоларни ўрганиш ва бартараф қилиш учун шу бугуноқ ишчи гуруҳ тузилишини маълум қилди. Аммо Ш.Усмонов асоссиз баҳона-важлар билан бу таклифни ҳам инкор этди.
Юқоридагилардан кўринадики, тадбиркор Ш.Усмонов “дўппи тор келиб қолгани” учун ўз фаолиятини тўхтатишга қарор қилган ва ишчи-ходимларига вазиятни тўғри тушунтирмасдан, улар ўртасида норозилик кайфиятини келтириб чиқарган. Табиийки, “иш ўрнидан ажраб қолаётган” ишчи-ходимлар “электр энергиясини ўчирмаслик”ни талаб қилиб, туман ҳокимлигига мурожаат билан келишган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, туман ҳокими ўринбосари Д.Каримова аёллар билан учрашиб, туманда бу йўналишда йирик лойиҳалар мавжудлиги, агарда “ASAD-Tex” ўз фаолиятини тўхтатса, ишчи-ходимлар бошқа шу турдаги корхоналарга ишга жойлаштирилишини маълум қилди. Ҳозирда “ASAD-Tex”да ишловчиларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги.