Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 42 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

×

 2022-01-31 19:14:59    443

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 4 августдаги Қарори ижросини таъминлаш, шунингдек аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган бўлиб, у 2021 йилнинг 1 ноябридан бошлаб амалга киритилган.

Мазкур Низом орқали:

кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш;

ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш шартлари;

ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш ҳамда уларни тўлаш тартиби;

ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам учун тўловларни молиялаштириш тартиблари киритилган.

Ушбу низомга асосан, болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа ёхуд моддий ёрдам тайинлаш учун ариза зарур ҳужжатлар билан бирга бевосита ариза берувчининг доимий ёки вақтинча яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади ва рўйхатга олинади.

Ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан махсус рўйхатга олиш дафтарига қайд этилади, бунда аризанинг берилган санаси, ариза берувчининг исми, фамилияси, отасининг исми ва яшаш манзили, шунингдек, олиш истагини билдирган нафақа ёки моддий ёрдам тури кўрсатилади. 

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ариза берувчи оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси паспорти нусхалари ёки ID-карталари;

чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи нусхаси;

болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органининг қарори нусхаси;

оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида маълумот;

ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан “Ягона реестр” АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ариза.

Бунда бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзоларининг ҳаққонийлиги бўйича ариза берувчи жавобгар бўлади. Ариза берувчи томонидан ушбу бандда келтирилган барча ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилганлиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан текширилади.

Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш унга ва болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш учун аризалар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига оила ушбу нафақа ёки моддий ёрдам олишни истаган ойдан олдинги ойнинг 16-санасига қадар тақдим этилади. Бунда юқорида кўрсатиб ўтилган муддатдан кейин берилган аризалар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ариза берувчи томонидан ушбу бандда келтирилган барча ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ҳолларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ариза берувчига қўшимча равишда қайси ҳужжатлар тақдим этилиши кераклиги ҳақида хабар қилади. Ушбу ҳолатларда ариза берувчи томонидан тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар қўшимча беш кун ичида, бироқ ушбу нафақа ёки моддий ёрдам олишни истаган ойдан олдинги ойнинг 16-санасига қадар тақдим этилиши зарур.

Болалар нафақаси оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб тайинланади.

Болалар нафақаси 12 ой муддатга тайинланади, бироқ оиланинг энг кичик ёхуд ягона боласи тегишлича ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.

Моддий ёрдам бола (болалар)сиз ёки барча болалари 18 ёшдан катта бўлган оилаларга ва якка-ёлғиз фуқароларга 6 ой муддатга тайинланади ва тўланади. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдорлари қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Агар бир оилада туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган болалар эгизак бўлса, уларнинг бири ёши 3 ёшгача бўлган кичик бола, кейингилари мос равишда иккинчи, учинчи ёки тўртинчи ҳисобланади.

Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш – бу оила 2021 йилнинг 1 сентябридан – оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад 440 минг сўмдан ошмаганда; 2022 йилдан бошлаб – оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилади.

Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган мезондан ошганда;

б) идоралараро электрон ахборот тизими орқали олинган маълумотлар бўйича Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ариза берувчи ва унинг оила аъзолари эгалигида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончномага асосан қуйидагилар мавжуд бўлганда:

ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси;

ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

г) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида ариза берилган ойда амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда;

д) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида ариза берилган ойда бозор қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ суммани ташкил этувчи қимматли қоғозлар мавжуд бўлганда;

е) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари), шунингдек, пенсионерлари томонидан аризалар тақдим этилганда;

ё) Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги Низомга асосан пенсиялар билан таъминланганда;

ж) болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олувчи ва унинг оила аъзоси томонидан такрорий ариза ушбу Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда тақдим этилганда. Бунда такроран тақдим этилган ариза “Ягона реестр” АТга киритилгандан сўнг ариза кўриб чиқилмасдан, аризачига рад жавоби аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки СМС-хабар орқали мобил телефон рақамига жўнатилади;

з) оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;

и) оиланинг охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси томонидан меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этилган ҳолларда;

к) расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлганда.

Ушбу қоида қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:

“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турган шахсларга;

бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);

таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи шакллари бундан мустасно);

ишламайдиган пенсионерларга, давлат пенсияси тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача шахсларга;

амалда томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига;

18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган, шу жумладан ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда отасига), оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга;

чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларига;

оиланинг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига;

суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлганлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига;

оиланинг чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган аъзоларига;

боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга;

расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга;

туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган, ушбу марказ томонидан касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилган шахсларга;

тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди мавжуд бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосига нисбатан.

Мазкур бандда кўрсатилган мезонлар асосида болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилганда, ариза берувчига хабар «Ягона реестр» АТ орқали рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда электрон шаклда (аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки СМС-хабарлар орқали мобил телефон рақамига) юборилади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Ягона реестр” АТ томонидан электрон сўров юборилган кунда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган (тўлиқ) миқдорда ижтимоий солиқ тўланганда ҳисобга олинади.

Мазкур банднинг фақат “к” кичик банди асосида болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш рад этилган оилалар “Ягона реестр” АТ орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилади. Бунда оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланмайди, лекин мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича маълумотнома тақдим этилади.

Боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар) ҳамда никоҳи бекор қилинган аёллар тўғрисидаги маълумотлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимидан олинган электрон маълумотларга асосан аниқлаштирилади.

Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сонли қарорига асосан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Бағдод тумани бўлими ҳисобида турувчилар болага қараш бўйича 2 ёшгача нафақа олувчилар 1 минг 347 нафар, болали оилалар учун кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси олувчилар 7 минг 140 нафар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам нафақасини олувчилар 219 нафарни  ташкил этмоқда.

Туман бўйича 2022 йил январь ойи учун жами молиялаштирилган маблағ 4 млрд. 310 млн. 460 минг сўмни ташкил этди.

 

Фахриддин МЎСИНЖОНОВ,

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

Бағдод тумани бўлими шўъба мудири