Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 14 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Бағдод тумани ҳокими Юсуфжон Хусаиновнинг туманда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил давом эттириш бўйича ХАЛҚҚА МУРОЖААТИ

×

 2022-02-10 19:08:25    446

PDF yuklash
Chop etish


Азиз тумандошлар!

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 2 февраль санасида чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида, юртимизда 2022 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил давом эттириш режа-тадбирлари белгилаб берилди.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, “инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси 5 йилда барча ислоҳотларимиз аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилади. Жумладан, туманимизда мавжуд барча аҳоли пунктларида экологик вазиятни яхшилаш ҳамда ҳаво мусаффолигини таъминлаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган ҳолда, изчил давом эттирилади.

Ушбу лойиҳа доирасида мамлакатимизда йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳар ва туманлардаги яшил майдонларни 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Ўтган 2021 йилнинг 2 ноябридан 10 декабрь санасига қадар дарахт экиш бўйича эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида туманимизда мавжуд корхона ва ташкилотлар, муассасалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллалар ва кўчаларда, шунингдек, аҳоли томорқаларида манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатларини экиш жараёнлари қизғин давом этди.

2021 йилнинг куз ва 2022 йилнинг баҳор мавсумида туманимиз бўйича 24 турдаги 1 млн. 285 минг туп кўчат экиш режалаштирилган бўлса, ўтган йилда 482 минг туп мевали-манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди. Демак, ушбу йилнинг баҳор мавсумида туманимиз ҳудудларида 803 минг тупдан ортиқ кўчат экишимиз керак бўлади. 

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида туманимизда мавжуд яшил майдонларни қарийб 17 фоизга етказилди ва бу борадаги ишларимиз изчил давом этмоқда. Албатта, бу жараёнда кўчат экиш билангина чекланиб қолингани йўқ. Аввало, кўчатларни танлашда маҳаллий иқлим шароитини чуқур ўрганиш, экилган кўчатларни соғлом униб-ўсишига эътибор қаратиш, уларнинг келгусидаги парвариши учун ҳам алоҳида масъулият билан ёндошиш талаб этилади. Шу мақсадда, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва янги экилган кўчатларни парваришлаш учун туман Ободонлаштириш бошқармасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ишчи-ходимлари штат бирликларини ошириш, корхона ва ташкилотларда, муассасаларда дарахтлар парвариши билан шуғулланувчи ходимларнинг масъулиятини янада ошириш кўзда тутилган. Яъни, ҳар бир экилган ва экилиши кутилаётган кўчатнинг аниқ эгаси бўлиши шарт!

Ҳурматли бағдодликлар!

Миллий қадриятларимизга кўра ҳам дарахт экиш – улкан савобли, хайрли иш ҳисобланади. Шундай экан, барчангизни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини қизғин давом эттиришда, баҳор мавсумида иш жойингизда, маҳаллангизда, шахсий томорқангизда мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишда фаол бўлишга, “Ҳар бир фуқаро – бир туп кўчат” тамойилини сидқидилдан қўллаб-қувватлашга чақираман. Зеро, бу масала ҳар биримиз учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Туманимизнинг гўзал қиёфасини яратишга, ҳаво мусаффолигига эришишга, бир сўз билан айтганда, фарзандларимизга обод юртни мерос қилиб қолдиришга барчамиз масъулмиз.