Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyul 2022 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 7 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

КОРРУПЦИЯ – ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН ЭНГ ЖИДДИЙ ХАВФ-ХАТАР

×

 2022-06-01 17:50:41    69

PDF yuklash
Chop etish


Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, айрим суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.

Халқ тилида соддагина қилиб – коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.

Коррупция нима ўзи? Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир”​. Аслида, коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.

Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради.

Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эриша олишимиз қийин.

Тўғри, кейинги вақтларда, хусусан, 2017-йилдан бошлаб, мамлакатимизда “парламент назорати”, “жамоатчилик назорати”, деган атамалар таомилга киритилди, бу борада илк қонунлар қабул қилинди. Демак, биз мазкур соҳада ишлайдиган тизимни тезликда яратишимиз, миллий менталитетни ҳисобга олган ҳолда, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари илғор тажрибасини қўллашга ўтишимиз лозим. Жамоатчилик назоратисиз Ўзбекистонда сиёсий тизим ислоҳотларини амалга ошириб бўлмайди.

“Транспаренкй Инт” (ТИ) коррупцияга қарши тадқиқот марказининг 2018 йилги коррупцияни қабул қилиш индексини эълон қилди. 100 баллик индексга кўра, Ўзбекистон 23 балл олиб, умумий рейтингда 180 мамлакат ва ҳудудлар орасида 158-ўриндан жой олган. Ушбу рейтинг 0 (коррупцияни идрок этишнинг жуда юқори даражаси) дан 100 гача (жуда паст) шкалада ҳисоблаб чиқилади.

Коррупцияни идрок этиш индексини – давлат секторидаги коррупция даражасини эксперт ва бизнес вакиллари баҳолайди. Аввалги йилларда бўлгани каби, дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғининг ўртача бали 43 дан 50 гача кўрсаткичда турибди. Индекс тузувчиларнинг фикрича, бу аксарият мамлакатларнинг коррупцияни жиддий назорат қила олмаганлиги ва демократиянинг инқирозидан далолат беради.

2020 йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан бирга, ана шу кўрсаткични яхшилаш устида кўп ишлаши керак.

Демак, миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда. Энг асосийси, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.

Мухтасар айтганда, коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.

 

О.МИРСАДИКОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Бағдод тумани суди раиси.